21 Сентябр 2023 йил 2598

Бухоро вилояти 3-сектор масъулларининг Қоракўл туманида ўтказган сайёр қабулида 15 дан ортиқ мурожаатлар жойида ижобий ечим топди

Бугун, 21 сентябрь куни Бухоро вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари ММИ ва КБТХ бошлиғи подполковник Умид Ўтаев бошчилигида фуқаролар муаммолари ечимига бағишланган сайёр қабул ўтказилди.

Унда, туман ИИБ бошлиғи Жамшид Расулов, туман ҳокимияти вакиллари, барча корхона ва ташкилотлар масъуллари ва ўз мурожаатларига ечим излаб келган 50 дан ортиқ фуқаролар иштирок этдилар.

Сайёр қабулда туман 3-сектор ҳудудига кирувчи маҳаллаларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг 25 га яқин мурожаатлари кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг 15таси шу ернинг ўзида ижобий ечим топган бўлса, муддат талаб қилувчи 7 та мурожаатлар назоратга олинди. 3 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Туманнинг "Вахим" маҳалласида яшовчи Муслима Султонова қабул давомида маҳалла йўлларини шағаллаштириш борасида мурожаат йўллади. Унинг мурожаати бўйича маҳалланинг 700 метр ички кўчалари шу куннинг ўзида шағаллаштирилди.

Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Шоназар Жўраев ҳамда Тўхтагул Содиқовалар ўз мурожаатларида яшаш хонадонлари табиий газ тармоғига уланмаганлиги сабабли газ баллон олишда амалий ёрдам сўрашди. Уларнинг муаммолари ҳам ўша вақтнинг ўзида ижобий ечим топди.

Қабулда иштирок этган туманнинг "Чандиробод" маҳалласида истиқомат қилувчи Миркамол Ёғмиров "Ёшлар дафтари" рўйхатида туради. Унга мурожаати асосида замонавий ноутбук тақдим этилди.

Шунингдек, қабул давомида 2 нафар фуқарога субсидия асосида инкубатор аппарати, 2 нафар фуқарога тикув машинаси тақдим этилган бўлса, яна 2 нафарига ўзини ўзи банд қилиши учун имтиёзли кредит асосида мотоцикл олиб берилди.

Қабул давомида ҳудуд аҳлини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаси ҳам ташкил этилди.

Фуқароларимизнинг муаммолари ечимига бағишланган бу каби сайёр қабуллар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам тасдиқланган режа асосида давом этмоқда.

Text to speech