Бухоро вилояти 3-сектор масъуллари томонидан Ғиждувон туманида сайёр қабул ўтказилди
Бугун, 5 октябрь куни Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати бошлиғи подполковник Шухрат Жалолов, тумани ИИБ бошлиғи подполковник Ниёзий Болтаев ҳамда туман Солиқ инспекцияси бошлиғи Дилшод Мухторов бошчилигида фуқаролар муаммолари ечимига бағишланган сайёр қабул ўтказилди.
Унда, туман ҳокимияти вакиллари, барча корхона ва ташкилотлар масъуллари ва ўз мурожаатларига ечим излаб келган фуқаролар иштирок этдилар.
Сайёр қабулда фуқароларнинг 15 дан ортиқ мурожаатлари кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ижобий ечим топган бўлса, муддат талаб қилувчи мурожаатлар назоратга олинди ва қолган мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, қабул давомида фуқароларга субсидия тикув машинаси, ўзини ўзи банд қилиши учун имтиёзли кредит асосида мотоцикл олиб берилди.
Қабул давомида ҳудуд аҳлини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаси ҳам ташкил этилди.
Фуқароларимизнинг муаммолари ечимига бағишланган бу каби сайёр қабуллар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам тасдиқланган режа асосида давом этмоқда.