Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов горизонтал бошқарув асосида ўзига бириктирилган навбатдаги ҳудуд Шофиркон туманининг Халқ депутатлари Кенгаши 99-сессиясида иштирок этди
Давлат раҳбарининг топшириғи асосида ўтказилган мазкур сессия ишида туман ҳокими ва бошқа сектор раҳбарларининг "Шофиркон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш" бўйича амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Бунда, вилоят 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов, халқ депутатлари туман Кенгашининг депутатлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, давлат ва жамоат ташкилотларининг масъул раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Сессия кун тартибига қўйилган масалалар, шу жумладан туманда аҳоли бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларни камбағаллик даражасидан чиқариш, доимий яшаш манзилларидан узоқ муддатга чиқиб кетган фуқаролар билан ишлаш, томорқадан фойдаланиш бўйича Сайхунобод тажрибасини жорий этиш, аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш, маҳалла еттилиги фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг масъулиятини ошириш масалалари бирма-бир муҳокама қилинди.
Шунингдек, аҳоли мурожаатлари нисбатан юқори бўлган маҳаллалар, ташкилотлар ва йўналишлар кесимида таҳлил қилиниб, маҳаллалар еттилиги зиммасига юклатилган вазифаларнинг ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Сессияда Икромжон Турсунов сўзга чиқиб, ўзи масъул бўлган Шофиркон тумани сектор раҳбарларининг ҳисоботлари, кўрилган юқоридаги масалалар ва бу борада мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этиш юзасидан ўзининг бир қатор фикр ва мулоҳазалари, таклиф ҳамда тавсияларини билдирди.
Қизғин муҳокамаларга бой бўлган сессия ишида бошқарма бошлиғи ва маҳаллий депутатлар томонидан илгари сурилган таклиф ва тавсиялар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, ижроси алоҳида назоратга олинди.