25 Сентябр 2024 йил 2037

Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари Икромжон Турсунов бошчилигида Шофиркон туманида ҳам Давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил 23 сентябрь куни имзоланган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида биринчи навбатда амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисидаги Қарорнинг мазмун моҳиятини ўрганиш юзасидан ўқув амалий семинари ўтказилди.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 23 сентябрь куни Президентимиз томонидан “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида” ги ПФ-143-сонли Фармони ҳамда ““Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-330-сонли Қарори имзоланиб, унда мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда ҳудудий ҳокимликларга қатор вазифалар юклатилган

Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов энг аввало мазкур Фармон ҳамда Қарор мазмун моҳиятини ўқиб ўзлаштириш мақсадида ўзи масъул бўлган туманлар маҳаллаларига ҳамда ушбу ҳудудлардаги камбағал оилаларга бириктирилган мутасадди раҳбарлар иштирокида ўқув амалий семинарларини ўтказиб келмоқда.

Худди шундай навбатдаги семинар бугун Шофиркон тумани ҳокимлигида ўтказилди. Бунда мазкур туман сектор раҳбарлари, шунингдек оғир ҳудуд сифатида баҳоланган маҳаллалар ва маҳаллалардаги камбағал оилаларга бириктирилган вилоят ҳамда туман мутасадди раҳбарлари иштирок этишди.

Семинар давомида юқоридаги Фармон ҳамда Қарорнинг мазмун моҳияти, уларнинг ижро этилиши билан боғлиқ масъул раҳбарларнинг кундалик иш фаолияти, энг оғир аҳволдаги маҳаллаларнинг инфратузилмасини яхшилаш, оғир турмуш тарзига, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож камбағал оилаларнинг яшаш шароитларини тубдан ўзгартириш ва уларни камбағалликдан чиқаришга доир белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашнинг механизмлари бирма бир тушунтирилди.

Мазкур ўқув семинари ҳам амалий, ҳам ишчан ва мунозараларга бой бўлди. Машғулот давомида маҳаллаларга бириктирилган мутасаддилар ва тааллуқли идораларнинг раҳбарлари томонидан Фармон ва Қарор ижросини таъминлаш билан боғлик кундалик иш фаолиятни самарали ташкил этиш бўйича таклиф ҳамда мулоҳазалар билдирилди.

Бошқарма бошлиғи билдирилган ҳар бир таклифни атрофлича муҳокама қилиб, галдаги вазифаларни белгилаб берган ҳолда, ушбу Фармон ва Қарорда назарда тутилган кенг кўламли вазифаларни бажаришда ҳар бир раҳбардан шахсий намуна кўрсатиб, айнан ушбу туманнинг “Доригар” маҳалласида амалга оширилган, синовдан ўтган тажриба асосида ўзлари бириктирилган маҳалла еттилиги, қишлоқ ва кўча вакиллари, нуроний оқсоқоллар, оқила аёллар кенгаши аъзолари, маҳалла имоми ва отинойилари, патронаж ҳамширалар ва маҳалланинг обрў эътиборга эга фаоллари билан учрашиб, ҳудуддаги энг оғир ижтимоий аҳволдаги, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож, камбағал оилаларнинг реал ҳисобини шакллантирган ҳолда ушбу тоифа оилалар билан индивидуал режа асосида манзилли ишларни олиб бориш лозимлигини таъкидлади.

Шу куннинг ўзида мазкур туманда ҳам “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг ижросини таъминлаш, маҳаллаларга бириктирилган мутасадди раҳбарларнинг кундалик иш фаолиятини назорат қилиш ҳамда мониторингини юритиш мақсадида тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилиб, ишчи гуруҳ ўз ишини бошлади.

Бу каби, ўқув амалий семинарлари вилоят 3-секторига қарашли бошқа туманларда ҳам давом эттирилади.

Text to speech