Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов секторга қарашли Ғиждувон туманининг оғир ҳудудларидан бири Тошлоқ маҳалласида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишди
Хабарингиз бор, Давлатимиз раҳбарининг "2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги 1-сон Қарори ҳамда "Рақамлашган, обод ва хавфсиз маҳалла" тамойили асосида вилоятимизнинг 55 та оғир тоифали маҳаллаларида манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, вилоят 3-секторига қарашли Ғиждувон туманининг “Тошлоқ” МФЙ си ҳам худди шу тоифа маҳаллалардан бири бўлиб, бугунги кунда ушбу ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, коммуникация тармоқлари, инфратузилма ҳолатини яхшилаш, аҳолини қийнаб келаётган тизимли муаммоларни ҳал этиш орқали обод ва хавфсиз гўшага айлантириш мақсадида кенг кўламли тозалаш-ободонлаштириш, қурилиш-таъмирлаш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Вилоят Ички ишлар бошқармасидан ушбу маҳаллага бириктирилган масъуллар, ҳудудий сектор раҳбарлари ва маҳалла еттилиги иштирокида ўтказилган ўрганишлар давомида бошқарма бошлиғи кўчама-кўча, хонадонма-хонадон юриб, маҳалла фаоллари ва аҳоли билан мулоқот ўтказди ва жараёнда аҳолини қийнаб келаётган мавжуд ижтимоий-маиший муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этиш борасида топшириқлар берди.
Президентимизнинг "Камбағалликдан фаровонлик сари" Дастури, шунингдек, "Сайхунобод", "Уйчи", "Зарбдор" ва "Ғиждувон" туманлари тажрибалари асосида аҳолининг доимий даромад манбаини ошириш, бир кўча бир маҳсулот тамойили асосида маҳалла драйверини яратиш, хонадонларнинг томорқаларидан унумли фойдаланиш, бунда кичик ҳажмли иссиқхоналарнинг афзалликларини кенг тарғиб қилиш, тадбиркорлик, чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириб, пировардида ишсиз ва миграцияда юриб қийналган фуқароларимизни доимий ва даромадли иш билан таъминлаш масалаларини кўриб чиқди.
Бундан ташқари, маҳалланинг ички йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, пиёдалар, айниқса вояга етмаганлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида барпо этилаётган “Хавфсиз кўча” ва “Хавфсиз йўлак” лойиҳалари доирасида олиб борилаётган ишларни ҳам кўздан кечирди.
Маҳалла ҳудудидаги 34-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлган масъуллар, муассасада таълим сифати, ўқитувчи ва ўқувчиларга яратиб берилган шароитлар, давомад даражасини кўздан кечирдилар.
Яна бир муҳим масала, замонавий видеокузатув мосламалари билан таъминланган маҳалланинг назоратга олинмаган бошқа муҳим нуқталари, мактаб ва унинг очиқ спорт майдони, аҳоли хонадонлари, маиший ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида қўшимча интеллектуал камераларни ўрнатиш, қўриқлаш пультига уланиш, шунингдек, энергия тежовчи замонавий технологияларнинг имкониятларидан оқилона фойдаланишнинг афзалликларини тушунтириш орқали қуёш панелларини ўрнатиш борасидаги манзилли ишларни кучайтириш борасида ҳам кўрсатмалар берилди.
Маҳалла ҳудудидан ўтувчи йўллар ва ички кўчаларда тозалаш, ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиб янги боғлар яратиш, фермер хўжаликларининг қишлоқ хўжалиги ерларида, боғ ва токзорларда баҳорги агротехник тадбирларни олиб бориш, ариқ ва зовурларни тозалаш, бетонлаштириш каби ишларни бажариш юзасидан берилган вазифаларнинг ижроси ҳам кўздан кечирилиб, қўшимча тавсия ва топшириқлар берилди.
Бу каби ўрганишлар давом эттирилмоқда.