4 Сентябр 2024 йил 928

Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов "Бир бўлсак ягона халқмиз, бирлашсак - Ватанмиз шиори" остида Ғиждувон туманининг 67-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган “Билимлар куни” тадбирида иштирок этди

Бугун, 4 сентябрь куни бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимиздаги мавжуд 576 та умумтаълим ва хусусий мактабларда биринчи қўнғироқ тадбирлари кўтаринки руҳда ташкиллаштирилди.

“Билимлар куни” доирасидаги мазкур тадбирларда Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларидаги 3-сектор раҳбарлари ҳам иштирок этишиб, ўқувчиларни янги ўқув йили бошланиши муносабати билан табриклашди.

Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ҳам Ғиждувон туманининг 67-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган “Билимлар куни” тадбирида иштирок этди.

Тантанали тадбирда сўзга чиққан бошқарма бошлиғи Мустақиллигимизнинг қутлуғ 33 йиллик айёми, шунингдек, янги ўқув йили билан таълим маскани ўқитувчи ва ўқувчилари ҳамда ота-оналарни табриклади.

Вилоят 3-сектор раҳбари сўнгги йилларда мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотларга тўхталиб, Президентимиз ташаббуси билан таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини, фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларимиз қалбида она юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини камол топтириш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганини аҳоҳида таъкидлади.

Айни ислоҳотлар Бухорода ҳам ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш борасида жорий йилда вилоятимиздаги 39 та мактабларда 4,4 млрдсўмлик кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлар амалга оширилди.

Мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш билан бирга таълим сифати ва педагог кадрлар салоҳиятини ошириш масаласи ҳам алоҳида назоратга олинган.

Ўтган ўқув йилида Бухоро вилояти бўйича 22 мингга яқин ўқувчилар мактабни битириб, уларнинг 11 мингдан ортиғи олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.   

Энг қувонарлиси, вилоятимиз мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи республикада 51 фоизни ташкил этиб, фахрли 1-ўринни олди.

Ушбу мактаблар орасида Ғиждувон туманидаги айни 67-умумтаълим мактабининг 37 нафар битирувчисидан 35 нафари (95 %) нинг олий таълимга ўқишга кириганлиги эса таҳсинга сазовор.

Бошқарма бошлиғи сўзи давомида бундай ижобий натижаларнинг қайд этилишида педагог-ўқитувчиларимизнинг ҳиссаси катта эканлигини алоҳида таъкидлаб, уларга алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Шундан сўнг, намунали ўқитувчи ва ўқувчиларга бошқарма бошлиғининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди.

Тадбир давомида Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ва туман ҳокими Шерзод Ашуровлар мактаб остонасига илк қадам қўяётган 1-синф ўқувчиларига 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғалари”ни топширдилар.

Тадбирнинг энг кулминацион нуқтаси, биринчи синфга илк бор қадам қўйган ёш болажонларнинг мактаб анъанасига айланган "Қасамёд" ни қабул қилиш жараёни бўлди.

Жараёнда мактабда илк маротаба ташкил этилган "Ёш гвардиячилар" синфининг тарбияланувчи ва бошқа ўқувчилар тилидан янграган куй, қўшиқлар ҳамда раҳслар барчага байрамона кайфият улашди.

Тадбирдан сўнг барча синфларда ўқувчилар билан "Мустақиллик дарслари" ўтказилди.

Text to speech