7 Ноябр 2024 йил 2422

Бухоро вилояти 3-секторига қарашли Ғиждувон туманининг энг олис маҳаллаларидан бири ҳисобланган "Оқработ" маҳалласида жиноятчиликни жиловлаш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, мигрантлар билан ишлаш, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 08-январь кунидаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий, иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4102-сонли қарори талабларидан келиб чиқиб, 3-сектор маҳаллаларида аҳолининг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, секторлар доирасида ишларни ташкил этиш сифатини ошириш, фуқаролар билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда секторлар фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида вилоятнинг 3-секторига қарашли Ғиждувон тумани Оқработ маҳалласида ишчи гуруҳлар шакллантирилиб фаолияти йўлга қўйилди.

Маълумот учун: ишчи гуруҳлар таркибида вилоят ИИБдан 16 нафар, туман ИИБдан 12 нафар, вилоят 3-сектор штабига бириктирилган корхона ва ташкилотларнинг 21 нафар, Ғиждувон туман 3-сектор ҳудудига бириктирилган корхона ва ташкилотларнинг 18 нафар масъул раҳбарлари, Оқработ МФЙ маҳалла еттилиги, қишлоқ ва кўча вакиллари ҳамда фаоллар жалб қилинди.

Бугун, вилоят 3-сектор раҳбари Икромжон Турсунов мазкур маҳаллага ташриф буюриб, вилоят Ички ишлар бошқармасидан бириктирилган масъуллар ҳамда ишчи гуруҳ аъзоларига амалга оширишлари лозим бўлган галдаги вазифаларини бирма бир тушунтириб берди.

Бундан ташқари ишчи гуруҳларнинг кундалик иш натижаларини мониторинг қилиш, таҳлил асосида умумлаштириб, муаммоларнинг даражасидан келиб чиққан ҳолда тоифаларга ажратиш юзасидан ҳам кўрсатмалар берилди.

Ушбу жараёнда, ишчи гуруҳлар томонидан Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрь кунидаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги ПФ-143 сонли Фармони ҳамда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-330 сонли қарорларига мувофиқ ҳудудларда аҳоли турмуш шарт-шароитларини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурларининг натижадорлигига эришишда янгича ёндашув ва тўпланган миллий тажрибани қўллаш чора-тадбирларини янада юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда, хусусан:

· Оқработ маҳалласидаги барча хонадонларда хатлов тадбирлари ўтказилиб, фуқароларнинг турмуш тарзи, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий муаммолари ўрганилиб, маҳалладаги доимий иш ўрнига эга бўлмаган фуқаролар, нафақахўрлар, ижтимоий нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг реал рўйхатлари шакллантирилмоқда;

· маҳаллада яшовчи узоқ муддатга кетган шахсларнинг оила аъзолари билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, суҳбат давомида ушбу фуқароларнинг барчаси маҳалла профилактика инспектори ташаббуси билан ташкил қилинган “Узоқ муддат” телеграм гуруҳига аъзо қилинмоқда;

· аҳолининг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини таъминлаш мақсадида, кўмирга ва қўшимча суюлтирилган газга эҳтиёжи бор хонадонлар рўйхатлари шакллантирилиб, уларга кўмир ва қўшимча суюлтирилган газ баллонларини етказиб бериш чоралари кўрилмоқда;

· маҳалла ҳудудидаги ижтимоий соҳа объектлари (умумтаълим мактаби, мактабгача таълим муассасаси, қишлоқ врачлик пункти ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини бинолари) нинг келаётган қиш мавсумига тайёргарлик даражаси тафтишдан ўтказилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда;

· маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи ижтимоий жиҳатдан жуда қийналиб қолган камбағал оилалар хонадонларига шахсан борилиб, уларнинг муаммо ва эҳтиёжлари ўрганилиб, ҳар бир оилани камбағалликдан чиқариш мақсадида индивидуал чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди;

· жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида, маҳаллада яшовчи ички ишлар органлари ҳисобида турган фуқаролар билан алоҳида профилактик тадбирлар олиб борилиб, маҳаллада рақамли технологияларни жорий этиш, камералаштириш мақсадида ҳам манзилли ишлар бошлаб юборилди;

· ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектларига, савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчалари ҳамда аҳоли хонадонларига қуёш панелларини ўрнатиш, унинг афзалликлари ва электр энергиясини тежаш бўйича тушунтириш тарғибот тадбирлари кучайтирилди;

· аҳоли ўртасида норозиликни келтириб чиқараётган ва мурожаатлар кўпайишига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб, уларни бартараф қилиш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Мазкур кенг кўламли манзилли чора-тадбирларнинг олиб борилиши келгусида ушбу маҳаллани "Рақамли, обод ва хавфсиз маҳалла тамойили асосида янгича қиёфа касб этишига, жиноят ва ишсизликдан холи, обод ва кўркам ҳамда фаровон оилалар истиқомат қиладиган гўшага айланишига замин яратади.

Text to speech