Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Когон туманида сайёр қабул ўтказди
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалиётга жорий этилган аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизми бугун марказдан тортиб олис қишлоғу овулларда яшаётган юртдошларимизнинг йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолари ечимига хизмат қилмоқда.
Хабарингиз бор, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ҳудудларда бўлиб, бевосита ҳолининг мавжуд муаммоларини ўрганиш, уларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида юзма-юз мулоқотлар ўтказмоқда.
Бошқарма бошлиғи бошчилигида навбатдаги сайёр қабул Когон туманининг Когон маҳалласи аҳолиси билан ўтказилди.
Дастлаб, бошқарма бошлиғи бошчилигида маҳалла ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларига ечим топиш борасида маҳалла "еттилиги" томонидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Вилоят 3-сектор штаби аъзолари, туман сектор раҳбарлари, тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари иштирокида ўтказилган юзма-юз очиқ мулоқотда 15 дан ортиқ фуқроларнинг 20 га яқин турли масалалардаги мурожаатлари бирма бир кўриб чиқилди.
Жумладан, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам, тадбиркорликни кенгайтиришда амалий ёрдам бериш, субсидия асосида тикув машинаси ҳамда мотокультиватор олишда кўмаклашиш борасидаги масалаларлар кўтарилди.
Мурожаатларнинг аксарияти шу куннинг ўзида ҳал этилди.
Жумладан, 13 нафар аёлларга субсидия асосида тикув машиналари олиб берилган бўлса, 2 нафар фуқарога мотокультиватор тақдим этилди.
Шу билан бирга шу куни, 16 ёшга тўлган, биринчи марта фуқаролик паспорти олаётган Райхона Жумаевага Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ID-картаси тантанали равишда топширилди.
Қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун муддат талаб қилган мурожаатлар юзасидан аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгиланиб, тегишли соҳавий хизматлар раҳбарларига бажариш муддатлари аниқ белгиланган кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Қабулдан сўнг бошқарма бошлиғи маҳаллада "хонадонбай" тизими асосида ўрганишлар олиб борди.
Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Обид Ҳакимовнинг хонадонида бўлган бошқарма бошлиғи бошчилигидаги масъуллар томонидан хонадон эгасининг асаларичилик, товуқчилик, лимончилик ва чорвачилик борасидаги оилавий тадбиркорлик фаолияти ўрганилди.
Мазкур маҳаллада яшовчи Камола Тойирова тикувчилик фаолиятини ташкил қилган. У бугунги кунда маҳалладаги ишсиз аёлларни иш билан таъминламоқда. Ушбу тикув цехи фаолиятини ўрганган бошқарма бошлиғи масъулларга тадбиркорнинг фаолиятини кенгайтиришда ва бу орқали орқали маҳалладаги аёллар бандлигини таъминлаш юзасидан топшириқлар берди.
Албатта, бу каби сайёр қабулларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳалқ билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, аввало инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш орқали халқимизнинг фаровон, бахтли ҳаёт кечириши учун муносиб шарт-шароитлар яратишдан иборатдир.