17 Август 2024 йил 1710

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ҳузурида вилоят ҳудудида жиноятчиликни олдини олиш ҳамда хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш юзасидан муҳокама йиғилиши ўтказилди

Видеоконференцалоқа тизими асосида ўтган муҳокамада бошқарма бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов, бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, тегишли соҳавий хизматлар раҳбарлари, ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда барча шахсий таркиб иштирок этди.

Йиғилишни бошқарма бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов олиб бориб, дастлаб Ички ишлар вазирининг шахсий таркиб бўйича тегишли буйруғи билан Жиноят Қидирув бошқармаси бошлиғи лавозимига янги тайинланган подполковник Ҳайдаров Азамат Саидовични ҳамда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган полковник Раджабов Каромат Мардоновичларнинг фаолият йўли билан шахсий таркибни таништириб, уларнинг хизмат фаолиятига оид келгусидаги долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Шундан сўнг, бошқарма бошлиғи жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимиз ҳудудларида содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш борасидаги манзилли профилактик тадбирларни кучайтириш, мурожаатлар билан ишлаш, шунингдек, шахсий таркиб томонидан ижро ва хизмат интизоми ҳамда қонун талабларига қатъий риоя қилиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, таъмагирлик ва порахўрлик каби иллатларнинг ходимлар томонидан содир этилишига йўл қўймаслик бўйича қатор кўрсатма ва топшириқларини берди.

Шу билан бирга, вилоят ички ишлар органларида кадрлар сиёсатини тўғри ва адолатли олиб бориш, тизимни халқчил тузилмага, фуқароларнинг чинакам ҳимоячисига айлантириш, ходимларни Ватанга ва касбига садоқат руҳида тарбиялаш, тараққиётнинг энг асосий тўсиқларидан бири бўлган коррупция балосига қарши кескин ва аёвсиз кураш олиб бориш лозимлигини қайд этди.

Тадбир давомида бошқарма бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов яқинлашиб келаётган "Мустақиллик байрами" тантаналарини берилган тавсия ва талаблар асосида ўтказилишини назорат қилиш, оммавий-маданий тадбирлар даврида фуқароларимизнинг, бундан ташқари вилоятимизга ташриф буюраётган хорижий делегациялар ҳамда сайёҳлар хавфсизлигини энг юқори даражада таъминлаш юзасидан масъул раҳбарларга бир қатор кўрсатмалар берди.

Якунда кўтарилган ҳар-бир масала юзасидан бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, ҳудудий ички ишлар органларига масъул этиб бириктирилган соҳавий хизматлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.

Text to speech