9 Декабр 2024 йил 1566

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди

Тадбирда бошқарма бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов, бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, тегишли соҳавий хизматлар раҳбарлари, видеоконференцалоқа тизими орқали ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда шахсий таркиби иштирок этди.

Дастлаб, бошқарма бошлиғи сўзга чиқиб, мамлакатимиз Конституцияси халқимизнинг кўп йиллик орзу-интилишларини, мустақил давлатчилигимизнинг ҳуқуқий асосини ўзида мужассам этган олий ҳужжат эканлигини таъкидлаб, асосий қонунимиз мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш ҳамда юртимизнинг дунёда муносиб ўринга эга бўлишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этди.

Шуни инобатга олган ҳолда фуқароларимизнинг Конституцияда белгилаб қўйилган қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятда жиноятчиликка қарши кескин курашиш борасида вилоят ички ишлар органларининг ҳар бир ходимини хизмат вазифасига виждонан ёндашишга чақирди.

Шунингдек, тадбир давомида 2024 йил 24 ноябрь кунидаги ЎРҚ-1008 сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 16 сентябрда қабул қилинган "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги ЎРҚ-407-сонли Қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар шахсий таркибга етказилди.

Тадбирнинг тантанали қисмида, 9 декабрь - "Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни" муносабати билан Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган коррупцияга қарши курашишни тарғиб қилувчи "Энг яхши видеороликлар" танловининг республика босқичида 3-ўринни қўлга киритган Ахборот хизмати ходими, "Энг яхши йўл-патруль хизмати инспектори" танлови ғолиблари ҳамда ўз касбига сидқидилдан ёндашиб ҳамкасбларига ўрнак бўлиб, коррупцион ҳолатлар ҳақида вақтида хабар берган фидойи ходимлар муносиб тақдирландилар.

Шу билан бирга бир гуруҳ ходимларга навбатдаги махсус унвонлар тантанали равишда топширилди.

Text to speech