Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ҳузурида 2025 йилда вилоят ҳудудида жиноятчиликни олдини олиш борасида амалга ошириладиган ишлар борасидаги йўл хариталарининг муҳокамаси ўтказилди
Танқидий-таҳлилий тарзда ўтган йиғилишда бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, тегишли соҳавий хизматлар раҳбарлари ҳамда Бухоро шаҳар ИИО ФМБ раҳбарияти иштирок этди.
Дастлаб, Бухоро шаҳри ҳудудида жиноятчиликни олдини олиш ҳамда вилоят ҳудудида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш борасида 2025 йилда амалга ошириладиган ишлар борасида ишлаб чиқилган йўл хариталари юзасидан масъулларнинг ахбороти тингланди.
Бошқарма бошлиғи ҳар бир йўл харитасини илмий ёндашув ва тизимли таҳлил асосида қайтадан ишлаб чиқиш, тизимга инновацион рақамли технологияларни жорий этиш кераклиги борасида алоҳида топшириқлар берди.
Шунингдек, муҳокамада муқаддам судланган ҳамда пробация назоратида турган шахслар билан олиб борилаётган тезкор ҳамда профилактик ишлар суратини ошириш, қидирувдаги шахсларни ушлаш, бедарак йўқолганларни топиш, очилмаган жиноятларни фош этиш, олди олиниши мумкин бўлган жиноятларнинг профилактикасини жадаллаштириш, тергов сифатини ошириш, суриштирув, терговга қадар текширув ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари давомида қонунийликни таъминлаш юзасидан ҳам кўрсатмалар берилди.
Шу билан бирга, вилоят ҳудудида ўтказиладиган ҳар қандай оммавий тадбирларда, хусусан, яқинлашиб келаётган "Янги йил" тантаналари вақтида, байрам арчаси ўрнатиладиган ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, содир бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай фавқулодда ҳолатларни, кўнгилсиз ҳодисаларни олдини олиш юзасидан манзиллари аниқ қилиб белгиланган топшириқлар берилди.
Бошқарма бошлиғи кўтарилган ҳар-бир масала юзасидан бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, тегишли соҳавий хизматлар масъулларига шахсий жавобгарликни ҳис қилган ҳолда қўл остидаги ҳар бир ходимнинг хизмат фаолиятини кундалик назорат қилиб, интизом, фидойилик билан хизмат олиб бориш, иш самарадорлигига эришиш лозимлигини алоҳида таъкидлади.