18 Декабр 2024 йил 1091

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов бошчилигидаги масъуллар ҳудудларда криминоген вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, қиш мавсумини беталафот ўтказиш, аҳолини ёқилғи-энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда бу борадаги талон-торожликларни олдини олишга доир ўрганишларни олиб борди

Хабарингиз бор, вилоят 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ҳудудларда бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Фармон ва Қарорлари, ҳукумат қарорлари, идоравий Йўриқнома ҳамда кўрсатмалар ижросининг броришини назорат қилиш мақсадида ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Жумладан, 17 декабрдан 18 декабрга ўтар кечаси ҳам бошқарма бошлиғи тегишли масъуллар, ҳудудий сектор раҳбарлари иштирокида вилоятимизнинг Бухоро шаҳри ҳамда Вобкент туманида аҳоли учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Энг аввал, Бухоро шаҳрининг Арк қўрғони шахристонида ўрнатилган Президент арчаси, унинг тегишли меъёрлар асосида ўрнатилганлиги, хавфсизлик масаласида амалга оширилган ишлар, қўриқлаш ҳамда жамоат тартибини сақлашга оид масалаларни жойида ўрганиб, аниқланган айрим камчиликлар бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди. Шунингдек, вилоятнинг қолган барча ҳудудларида ўрнатилган Президент арчаларининг ҳолатини кўздан кечириш, байрам ҳамда оммавий тадбирлар ўтказиладиган ушбу жойларда хизматни тўғри ташкил қилиш юзасидан ўзининг топшириқларини берди.

Шундан сўнг Вобкент туманига борилиб, ушбу туманда фаолият олиб бораётган ижтимоий соҳа объектлари, шу жумладан туман Тиббиёт бирлашмасида электр энергияси ҳамда иссиқлик таъминотининг аҳволи, фавқулотда вазиятларда қўшимча генераторлар билан таъминланганлик ҳолати кўрикдан ўтказилди.

Бундан ташқари, туманда қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича ташкил этилган тезкор штаб, туман электр тармоқлари ҳамда туман газ ходимларининг тунги вақтларда кучайтирилган тартибдаги фаолияти ҳам кўздан кечирилди.

Жараёнда тунги хизматга жалб этилган ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳокимлик, коммунал-тезкор хизматлар масъуллари ҳамда иссиқлик энергия корхоналари раҳбарларининг баёнотлари эшитилди.

Тадбир жараёнида аниқланган барча камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларни аниқлаш мақсадида тезкор ҳамда профилактик тадбирларни жадаллаштириш борасида топшириқлар берилди.

Бошқарма бошлиғининг кундалик ўрганиш ишлари вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.

Text to speech