3 Октябр 2023 йил 3183

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди

Вилоят Ички ишлар бошқармасида бугун, 3 октябрь куни Бухоро вилоятида Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги – “Cyber-Week” комплекс тарғибот-ташвиқот тадбирлари ҳақида кенг жамоатчиликка ахборот бериш, соҳага тааллуқли муаммоли саволларга ойдинлик киритиш ҳамда тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Ички ишлар вазирлиги Тезкор–қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси масъуллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси ва ОАВ вакиллари, ҳамкор корхона ташкилотларнинг мутасаддилари, ахборот хизматлари, журналист ва блогерлар иштирок этишди.

Матбуот анжуманини бошқарма Ахборот хизмати бошлиғи подполковник Шуҳрат Жалолов очиб бериб, иштирокчиларни кун тартиби билан таништириб, анжуман кун тартибидаги масала бўйича батафсил маълумот берди.

Жумладан, бугунги кунда рақамли технологиялар барча соҳаларга ва одамлар ҳаётига жадал кириб келаётганлиги сабабли соҳа ривожланиб боргани сари, бундан ғараз мақсадда фойдаланувчилар ҳам ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Шу ўринда, ҳозирги кунда вилоят ҳудудида содир этилаётган жами жиноятлар орасида интернет ва компьютер технологиялари билан боғлиқ жиноятлар кескин ошиб бораётганлиги боис бу борада жиноятчиликни жиловлаш ҳамда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга доир амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумотлар тақдим этилди.

Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида ушбу йўналишдаги мурожаатлар сони

2 баробарга ошиб, натижада фуқароларга 4 млрд. сўмга яқин зарарлар етказилган бўлиб, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва аҳолимизнинг огоҳлигини ошириш мақсадида тизимда амалга оширилаётган манзилли чора-тадбирлар ҳамда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.

Шундан сўнг, ИИВ Тезкор қидирув департаменти Киберхавфсизлик марказининг масъул ходими Мақсуд Мирабдуллаев томонидан вилоятда кибержиноятларни олдини олиш ҳамда аҳолини кибер оламдаги таҳдидлардан иммунитетини ошириш масалалари долзарблиги ошганлиги сабаб жорий йилнинг 3-11 октябрь кунлари Киберхавфсизлик маркази вилоятдаги манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиши белгилангани маълум қилинди.

Унга кўра мазкур тадбирлар давомида инновацион тарғибот усулларидан фойдаланган ҳолда вилоятдаги барча ишчи-хизматчилар, ёшлар билан ҳамкорликда 2 млн.дан ортиқ аҳолини қамраб олиш режалаштирилгани айтиб ўтилди.

Матбуот анжумани сўнгида соҳага тааллуқли ОАВ вакилларини қизиқтирган барча саволларга вазирлик ҳамда бошқарма тегишли соҳавий хизматларининг масъуллари томонидан батафсил жавоблар берилиб, ўзаро фикр-мулоҳаза алмашинилди.

Text to speech