4 Декабр 2023 йил 1508

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғига бириктирилган Шофиркон туманининг “Қуйи Чуқурак” маҳалласи обод масканга айланди

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва тавсияси асосида кейинги йилларда юртимизнинг ҳар бир гўшаси, айниқса олис аҳоли масканлари, маҳалла ва қишлоқлар инфратузилмаларини янгилаш, қийин шароитда яшаётган аҳолига қулайлик яратиш, ижтимоий соҳа иншоотлари қаторида мактаб, болалар боғчаси, тиббиёт масканлари фаолиятини тубдан яхшилаш, таълим ва тиббий хизмат сифатини ошириш баробарида, аҳолига талаб даражасида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш тармоғини йўлга қўйиш, муҳандислик коммуникация тармоқларига дахлдор, одамларни қийнаб келаётган ижтимоий муаммолар, жумладан: йўл, электр энергияси, тоза ичимлик суви, табиий ёки суюлтирилган газ таъминотида учраётган нуқсон ва камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор кучайтирилди.

 Бундан икки ой муқаддам вилоят учинчи секторига қарашли Шофиркон туманининг Қуйи Чуқурак маҳалласини замон талаблари даражасидаги аҳоли масканига айлантириш саъй-ҳаракатига жиддий киришилган эди. Айтиш жоизки, “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” мезонлари асосида танланган мазкур аҳоли маскани, бевосита масъул бўлган вилоят учинчи сектори раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг саъй-ҳаракати, туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди идораларнинг тизимли иш фаолияти натижасида қисқа муддатда ҳар жабҳада намунавий, обод, гўзал ҳудудга айлантирилдики, бунда кенг қамровда амалга оширилган ишларни кўриб кўз қувнайди ва бу янгиланиш,  бунёдкорлик ишлари кўпнинг эътирофига сазовор бўлмоқда.

 “Қуйи Чуқурак” МФЙ да 642 та хонадон ва 826 та оила бўлиб, уларда яшовчи аҳоли сони 3 минг 800 нафардан ортиқни ташкил этмоқда. Дастур асосида маҳаллада 2,5 километр йўл асосини тайёрланиб, шағал бостирилган бўлса, 2,2 километр масофадаги йўлга янги асфальт бостирилиб, пиёдалар йўлаги барпо этилди. Деярли 2,3 километр масофага ичимлик суви тармоғи ҳам тортилиб, мавжуд гидроиншоотлар мукаммал таъмирдан чиқарилди.

Шу билан бирга, электр энергияси таъминотидаги узилишларга барҳам бериш мақсадида 4 километр масофадаги электр линияси таъмирланиб, кабеллар янгиланди. Яроқсиз ҳолга келган 60 та симёғоч темир-бетон устунларга алмаштирилди ва 30 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Худди шундай, ҳудудда 250 киловатт соат қувватга эга трансформатор, 100 киловатт соат қувватга эга қўшимча трансформатор ўрнатилиб, 2 километр масофадаги электр симлари созланди. Яна 20 тадан ортиқ таянч устун тўғриланиб, 5 километр узунликдаги тармоқ дарахт шохларидан тозаланди. 5 та трансформатор жорий таъмирдан чиқарилиб, электр токи таъминоти ва ўтказувчанлиги яхшиланди.

Кам таъминланган ва эҳтиёжманд аҳолининг 166 та хонадони таъмирдан чиқарилди. Яна камхарж ва эҳтиёжманд 47 та турар жойнинг том қисми таъмирдан чиқарилгани ҳолда 121 та хонадонга ювиниш хонаси, 170 та хонадоннинг ошхонаси, 145 та ҳовли-жойнинг ҳожатхонаси, 96 та уйнинг  тандирхонаси, 87 та аҳоли хонадонларининг молхонаси янгидан қуриб берилди.

Олис маҳалланинг инфратузилма иншоотлари билан бирга 33-сонли умумий ўрта таълим мактабининг спорт майдони замонавий таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Югуриш ва узунликка сакраш йўлаклари, волейбол, баскетбол ва бадминтон майдончалари қурилди. Шунингдек, Worcaut спорт майдончасининг шай қилингани маҳалла аҳлини беҳад шодлантирди. Ёш болажонлар учун қишлоқда болалар ўйин майдончасининг қуриб фойдаланишга топширилгани эса уларга ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.

8 декабрь—Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан Қуйи Чуқурак маҳалласининг ўзига хос очилиш маросими ўтказилди. Эрта тонгдан байрамона кайфият билан уйғонган қуйи чуқуракликларнинг шодлигига барча шерик бўлиб, ушбу маҳаллага йиғилишди. Янгиланган Қуйи Чуқурак маҳалласида ўтган тантанада йиғилганлар янгидан ишга туширилган маҳалла фуқаролар йиғини биноси, унинг ёнидан “Уч авлод маскани”, шунингдек, оилавий шифокорлик пункти, аёллар саломатлик маркази, гўзаллик салони, тикув цехида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Ҳудудда эҳтиёжманд фуқароларга имтиёзли кредитлар, субсидиялар ажратилиб, ногиронлик аравачалари, дори-дармонлар тақдим этилди. Бу чора-тадбирлар натижасида маҳалладаги мавжуд 642 та хонадон ва 826 та оила таркибида истиқомат қилувчи 3 минг 800 нафарга яқин аҳоли муаммолари тизимли ҳал этилаётгани юртимизда “Инсон қадри учун” деган тамойилнинг амалдаги ифодасидир.

Мазкур маҳаллада амалга оширилган ишларни ҳамда ташкиллаштирилган тадбирларни оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларнинг расмий саҳифалари орқали кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати томонидан "Пресс-тур" ҳам ташкиллаштирилди.

Мазкур "Пресс-тур"га вилоятимизда фаолият олиб бораётган барча Оммавий ахборот воситалари вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар, Журналистлар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими аъзолари иштирок этишди.

Text to speech