Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Ғиждувон туманининг Зарафшон маҳалласи аҳолиси муаммолари ечимига бағишланган сайёр қабул ўтказди
Расмий саҳифаларимизни кузатиб бораётган бўлсангиз, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов аҳоли билан доимий мулоқот қилиб, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳолига етказиш борасида бевосита жойларга чиқиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиб келмоқда.
Бугун ҳам бошқарма бошлиғи Ғиждувон туманининг Зарафшон маҳалласида аҳоли мурожаатларини тинглади.
Вилоят 3-сектор штаби аъзолари, туман сектор раҳбарлари, тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари иштирокида ўтказилган юзма-юз очиқ мулоқотда 15 дан ортиқ фуқароларнинг 20 га яқин турли масалалардаги мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.
Жараёнда асосан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун амалий ёрдам, ички йўлларни таъмирлаш, эскирган электр симёғочларни таъмирлаш, яроқсиз ҳолатга келиб қолганларини янгилаш, суюлтирилган газ таъминоти графигини яқинлаштириш, яроқсиз ҳолатга келиб қолган табиий газ қувурларини янгилаш каби масалалар кўтарилди.
Мурожаатларнинг ечимига асосий эътибор қаратилиб, қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун юритувга олинган мурожаатлар юзасидан аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгиланиб, масъулларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Вилоят 3-сектор раҳбари аҳоли билан мулоқотда билдирилган таклифлар, кўтарилган муаммолар асосида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, маҳаллаларда янги иш ўринларини яратиш, асосан «Темир», «Ёшлар» ва «Аёллар» дафтарларига кирган, ишсиз фуқароларни доимий иш билан таъминлаш борасида масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Бу каби сайёр қабуллар вилоятимизнинг 3-секторига қарашли Ғиждувон, Шофиркон ва Вобкент туманларининг барча ҳудудларида, бундан ташқари, қолган шаҳар ва туманларнинг 3-секторларига қарашли маҳаллаларида тасдиқланган график асосида ўтказиб борилади.