10 Феврал 2024 йил 1217

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги 8-ўрта умумтаълим мактабида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ватан ҳимоясидек шарафли касбга қизиқишини орттириш мақсадида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди

Тадбирда вилоят Ички ишлар бошқармаси барча соҳавий хизматлари ўзларининг қурол-аслаҳа, махсус восита, махсус техникалар ва хизмат фаолиятида самарали қўлланилиб келинаётган асбоб ускуналари билан иштирок этишди.

Тадбир дастлаб давлат мадҳияси ижро этилиши билан бошланди. Шундан сўнг, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Акбар Юсупов сўзга чиқиб ўқувчи ёшларга ўзларининг фикр мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Тадбир аввалида вилоят ИИБ ЖТСБ Кинология хизмати ходимлари хизмат ити ёрдамида жиноятчиларни ушлаш тактикаси, хизмат ити ёрдамида гиёҳванд моддаларни аниқлаш техникаси намойиш этилган бўлса, ИИВ Бухоро Академик лицейи тингловчиларининг кўргазмали чиқишлари тадбирга ўзгача руҳ бахш этди.

Шунингдек, ҳаракатланувчи мобил криминалистик лаборатория ва техника воситалар намойиши ўтказилиб, лабораториянинг афзалликлари ва самарадорлиги ҳамда эксперт-криминалистика фаолиятининг замонавий имкониятлари ҳақида илмий амалий кўргазма ташкил этилди.

Мудофаа вазирлигига қарашли 28803-ҳарбий қисм оркестри ва фахрий қоровул чиқишлари тадбир иштирокчиларининг олқишларига сазовор бўлди.

Тадбир мобайнида ИИВ Бухоро Академик лицейи раҳбарияти томонидан  ўқишга кириш истагида бўлган ёшларга барча шарт шароитлар тушунтириб ўтилди.

Тадбир сўнгида барча иштирокчиларга Ички ишлар вазирлиги тизимида қўлланилиб келинаётган қурол аслаҳалар, ҳарбий техникалар ва махсус воситалар тўғрисида тушунча бериб ўтилди. Тадбирда иштирок этганлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Таълим муассасаларида мана шундай кўргазмали чиқишларда ўқувчи ёшларнинг иштирок этиши, уларни Ватан ҳимоясидек шарафли касбга бўлган қизиқиши ортишига, шунингдек она Ватанга муҳаббат туйғуси билан улғайиб, комил инсонлар бўлиб етишишига ўз ҳиссасини қўшиши, шубҳасиз!

Text to speech