25 Ноябр 2024 йил 2239

Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов вилоят 3-секторига қарашли Ғиждувон туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди

Бугунги кунда Бухоро вилоятининг 3-секторига қарашли ҳудудларда ҳам аҳолининг ижтимоий иқтисодий муаммоларига ечим топиш, ҳудудларни ободонлаштириш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, замонавий типдаги ижтимоий объектларни қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Бугун, Ғиждувон туманида бўлган вилоят 3-сектор раҳбари Икромжон Турсунов туманда бу борада амалга оширилаётган ишлар суръати билан танишди.

Ғиждувон вилоятимизнинг иқтисоди ривожланган туманларидан бири бўлиб, ушбу туманга қўшни вилоят ҳамда туманлардан кўплаб фуқаролар савдо-сотиқ ишлари билан ташриф буюришади.

Шу сабабли туманда фаолият олиб бораётган савдо марказлари ҳамда бозорлар доимо гавжум.

Бунинги кунда туман деҳқон бозори олдида автомашиналар тирбандлигини ҳамда йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш, фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида замонавий ер ости йўлаги барпо этилмоқда.

Ушбу объектда олиб борилаётган қурилиш таъмирлаш ишларини кўздан кечирган бошқарма бошлиғи туман мутасаддилари ҳамда пудратчи ташкилот вакиллари билан қурилиш ишларида мавжуд муаммоларни ўрганди ва жараёнда қурилиш ишларининг режа графигига амал қилиниши, сифатга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги юзасидан ўзининг бир қатор тавсияларини берди.

Шундан сўнг туман Маданият Маркази биносининг қурилиш жараёнини ҳам кўздан кечирди. Бу ерда ҳам вилоят 3-сектор раҳбари ушбу иншоотни ҳам замон стандартлари асосида, юқори сифат даражасида тез фурсатларда фойдаланишга топшириш юзасидан топшириқлар берди.

Шунингдек, бошқарма бошлиғи Ғиждувон туманининг Янги Ўзбекистон массивида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида барпо этилиши режалаштирилаётган янги боғ учун танланган ер майдонини тайёрлаш борасидаги ишларни ҳам бориб ўрганиб, боғ ҳудудига иқлим шароитидан келиб чиқиб, мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатларини ўтқазиш, боғни суғориш билан боғлиқ масалалар юзасидан ўзининг тегишли тавсия ҳамда кўрсатмаларини берди.

Text to speech