Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, тизимда коррупциоген ҳолатларга барҳам беришга бағишланган муҳокама йиғилиши ўтказилди
Бугун, 22 февраль куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов томонидан бошқарма аппарати шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, тизимда содир этилиши мумкин бўлган турли коррупциоген ҳолатларни олдини олиш, мурожаатлар билан ишлашда сансоларликка йўл қўймаслик, таъмагирлик ва бошқа шунга ўхшаш салбий ҳолатларни олдини олишга бағишланган юзма-юз мулоқот ўтказилди.
Йиғилишда бошқарма бошлиғининг барча ўринбосарлари, тегишли соҳавий хизматлар ва ўрта бўғин раҳбарлари иштирок этди.
Бунда, ўтган ҳисобот йили ва шу йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят ҳамда республикамиз миқёсида ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилган хизмат интизоми ва қонунбузарлик ҳолатлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, шарт шароитлари кенг муҳокама қилинди.
Келгусида вилоят ИИБ шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупциоген ҳолатларга қарши кескин курашишнинг замонавий усул ва услубларини жорий қилиш борасида амалга ошириладиган ишлар, хизмат интизомини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан хизмат текширувларини чуқур таҳлиллар асосида синчковлик билан ўтказиш, бу йўналишдаги текширувларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, хизматга совуққонлик билан қараш, порахўрлик ва таъмагирлик ҳамда бошқа шу каби коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик, ваколатдан четга чиқмаслик, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала бўлиш, уларнинг ҳар қандай мурожаатлари юзасидан сансоларликка йўл қўймасдан, тез ва сифатли текширувни ўтказиб, белгиланган тартибда ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали мурожаатнинг натижасини маълум қилишнинг қатъий талабларига риоя қилиниши юзасидан зарурий кўрсатмалар берилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳар бир раҳбар ва ходимлар билан юзма-юз тарзида ўтказилаётган бу каби учрашувлар давом эттирилмоқда.