Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов вилоят 3-секторига қарашли Шофиркон ҳамда Ғиждувон туманларида пахта йиғим-теримида иштирок этаётган илғор теримчилар билан учрашди
Хабарингиз бор, ҳозирги кунда вилоятимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи масъул бўлган 3-секторга қарашли Ғиждувон, Шофиркон ҳамда Вобкент туманларида ҳам «Пахта-2024» мавсуми қизғин паллага кирган бўлиб, кузнинг ўзгарувчан иқлими шароитида пахта далаларидаги ҳосилни уюшқоқлик билан йиғиб олиш муҳим вазифа ҳисобланади.
Шу муносабат билан бугун вилоят 3-сектор раҳбари Икромжон Турсунов ўзига бириктирилган Шофиркон ҳамда Ғиждувон туманларида бўлиб, пахта-йиғим терими мавсумида теримчиларга яратилган шароитлар, хавфсизлик чораларининг кўрилгани, терим пулларининг ўз вақтида берилиши юзасидан ўрганишлар олиб борди.
Жараёнда илғор теримчиларни рағбатлантириш мақсадида уларга эсдалик совғаларини улашди.
Шунингдек, ўрганишлар давомида пахта терими мавсумида ҳосилни пайхон ва талон-тарож қилинишини олдини олиш, пахтани ташишга мўлжалланган транспорт воситалари ва тиркамалар, терим отрядларини уюшқоқлик билан кўчиришда фойдаланилаётган автобусларнинг техник хавфсизлигини, йўлларда ҳаракатланиш вақтида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ишларини алоҳида назоратга олиш, улар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини содир этилишига йўл қўймаслик, шу билан бирга ҳашарчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш юзасидан масъулларга аниқ вазифа ҳамда топшириқлар берилди.
Бу каби ўрганишлар давом этмоқда.