Бухоро вилояти ички ишлар органлари томонидан 2023 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди
Бугун, жорий йилнинг 12 октябрь куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси, унинг қуйи тизимлари, соҳавий хизматлар ва ҳудудий ички ишлар органлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, жиноятларни фош этиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар муҳокамасига бағишланган ҳисобот йиғилиши ўтказилди.
Мазкур йиғилишда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов, бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқлари иштирок этди.
Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда ўтказилган профилактик тадбирларнинг самарадорлиги хусусида бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, туман (шаҳар) ИИБ бошлиқлари ва бошқа масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Ҳисоботлар тингланиб, муҳокама натижаларига кўра хизмат вазифаларини бажаришда камчиликларга йўл қўйиб келган айрим раҳбар ва ходимларга нисбатан қаттиқ интизомий таъсир чоралари қўлланилди.
Шунингдек, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича билдирилган таклиф ҳамда мулоҳазалар бўйича ўзининг тавсияларини бериб, йўл қўйилган камчиликлардан керакли хулоса чиқариб, берилган вазифа ва топшириқларни ўз вақтида сифатли бажариш бўйича топшириқлар берди.
Биринчи навбатда ҳар бир ички ишлар органи ходимининг ўзи хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий амал қилиши, хизмат вазифасига виждонан ёндашиши, асосийси ватанга, халққа ва хизматига садоқатли бўлиши лозимлиги яна бир бор таъкидлаб ўтилди.
Бошқарма бошлиғи юқори ва қуйи тизим раҳбарларига, ходимларнинг оилавий шароити ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш кадрларни тарбиялашда устоз-мураббий анъаналарини янада кенг татбиқ этиш, ходимларни ижтимоий қўллаб қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини билдирди.
2023 йилнинг кейинги даврида Бухоро вилоятида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан ишлаб чиқилган ташкилий тадбирлар режаси ва йўл хариталарини яна бир бор синчковлик билан кўриб чиқиб, ҳар бир йўналиш бўйича барча устувор вазифаларни белгилаб олган ҳолда ижрога қаратиш лозимлиги юзасидан қарорлар қабул қилинди.
Якунда йиғилиш баёни тузилиб, ҳар бир банди ижросини таъминлаш бўйича назорат ўрнатилди.