11 Июл 2024 йил 961

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ва фахрий устозлар, шунингдек, вилоят ички ишлар органлари ёш ходимлари иштирокида “Уч авлод” учрашуви ўтказилди

Ҳаётда кўпни кўрган, йиллар синовида тобланиб, бой амалий тажриба тўплаган фахрийларнинг ўгит ва маслаҳатлари ёшлар учун чинакам ибрат мактаби ҳисобланади.

Сўнгги йилларда Республикамиз президентининг ташаббуси билан ёш авлодни тарбиялашда “Устоз-шогирд” анъанасига амал қилиш, устозларни улуғлаш, уларнинг орттирган бой амалий тажрибаларидан унумли фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу ишларнинг амалий ифодаси сифатида бугун Бухоро шаҳридаги Ёшлар маркази анжуманлар залида вилоят ички ишлар органларининг фахрий устозлари ҳамда ёш ходимлари иштирокида “Уч авлод” учрашуви ташкиллаштирилди.

Учрашувда, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов, соҳада бир неча йиллар самарали хизмат қилган фахрий устозлар, вилоят ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ёш ходимлар ҳамда Ички ишлар вазирлиги Академияси ва Бухоро академик лицейи ўқувчи ёшлари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққан бошқарма бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов бугунги кунда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида ёшларга яратиб берилган кенг кўламли имкониятларни алоҳида эътироф этиб, ёшларга ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб, Ватанга муҳаббат, касбга садоқат, хизмат интизомига риоя қилиш, ҳалоллик, шунингдек "халққа хизмат қилиш олий бурч" тушунчалари юзасидан ўзининг бир қатор тавсия ва маслаҳатларини берди.

Учрашув давомида узоқ йиллар давомида ички ишлар органлари тизимида турли раҳбарлик лавозимларида хизмат қилиб, ёш авлодга ўрнак ва намуна бўлиб келаётган фахрий устозлар ҳам ўзларининг бой амалий тажрибалари ҳақида сўзлаб беришди.

Очиқ ва конструктив ўтган юзма-юз мулоқотда ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олдилар.

Жараёнда, ходимлар томонидан хизмат интизоми ҳамда қонунийликка риоя қилиш, бурчга садоқат ва ҳалолликка чорловчи видеороликлар ҳам намойиш этилди.

Шундан сўнг, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва иқтидори, ташаббускорлиги, ҳалол ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, шунингдек, ички ишлар органларида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишдаги фаол иштироки ҳамда спортдаги ютуқлари учун 22 нафар ёш ходимлар бошқарма бошлиғининг эсдалик қўл соати, пул мукофотлари, Фахрий ёрлиғи ҳамда китоблар тўплами билан тақдирландилар.

Тадбир якунида соҳада узоқ йиллар самарали фаолият юритган фидойи фахрийларга миннатдорчилик билдирилиб, улардан бир нечтасига ҳам эсдалик совғалари тақдим этилди.

Бу каби хайрли тадбирлар «устоз-шогирд» анъанасининг амалдаги ифодаси сифатида фахрий устозларнинг билим ва кўникмалари ҳамда тажрибасини ёшлар шижоати билан уйғунлаштиришга, шу асосда соҳа ходимларининг қалбидаги Ватанга муҳаббат, касбга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади албатта.

Text to speech