Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов Қоракўл туманида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ечимига бағишланган сайёр қабул ўтказди
Халқ дардини тинглаш, уларнинг муаммоларига ечим топиш бугун ҳар бир даражадаги раҳбарнинг кунлик вазифасига айланган. Давлатимиз раҳбари томонидан жорий этилган мурожаатлар билан ишлашнинг янги тизими бу ишларда дастуруламал вазифасини ўтамоқда.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, вилоят 3-сектор раҳбари полковник Миржамол Миралимов бошчилигида Қоракўл туманининг "Қувача" маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда ҳам бу мезон ўз исботини топди.
Сайёр қабулда туман сектор раҳбарлари, вилоят ва туман 3-сектор ишчи гуруҳи аъзолари, бошқа мутасадди идоралар масъуллари, маҳалла “маҳалла еттилиги” ҳамда мурожаатларига ечим излаб келган фуқаролар иштирок этдилар.
Қабулда кўтарилган 10 дан ортиқ фуқароларнинг турли ижтимоий-иқтисодий мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.
Мурожаатларнинг аксарияти жойида бартараф этилиб, иш юритувига олинган, қўшимча ўрганишни талаб қиладиган мурожаатлар ижроси алоҳида назоратга олиниб, мутасаддиларга ҳар бир йўналиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, бошқарма бошлиғи полковник Миржамол Миралимов маҳаллада “соҳабай”, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш самарадорлигини ошириш, аниқланган ижтимоий масалаларни бартараф этиш юзасидан сектор раҳбарлари ва тегишли идоралар масъулларига топшириқлар берди.