Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсуновнинг навбатдаги халқ билан очиқ мулоқоти Бухоро шаҳрининг Ғафур Ғулом маҳалласида ўтказилди
Хабарингиз бор, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ҳудудларда бўлиб, бевосита аҳолининг мавжуд муаммоларини ўрганиш, уларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида юзма-юз мулоқотлар ўтказмоқда.
Бошқарма бошлиғининг навбатдаги сайёр қабули Бухоро шаҳрининг Ғафур Ғулом маҳалласи аҳолиси билан ўтказилди.
Вилоят 3-сектор штаби аъзолари, туман сектор раҳбарлари, тааллуқли идоралар масъуллари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда 10 га яқин фуқароларнинг 15 дан ортиқ турли масалалардаги мурожаатлари бирма бир кўриб чиқилди.
Бунда, суд-ҳуқуқ масалалари, ички ишлар органлари ва 3-сектор фаолияти, шу жумладан аҳолини доимий иш билан таъминлаш, тадбиркорликни кенгайтиришда амалий ёрдам бериш, электр энергияси, йўл соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш, тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш масалаларлари кўтарилди.
Мурожаатларнинг аксарияти шу куннинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Шунингдек, қабул давомида маҳалладаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Албатта, бу каби сайёр қабулларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳалқ билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, аввало инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш орқали халқимизнинг фаровон, бахтли ҳаёт кечириши учун муносиб шарт-шароит яратишдан иборатдир.
Бошқарма бошлиғининг бу каби шахсий ҳамда сайёр қабуллари тасдиқланган график асосида навбати билан барча шаҳар ва туманларда давом эттирилади.