31 Август 2024 йил 965

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсуновнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллиги байрами муносабати билан ички ишлар органлари ходимларига йўллаган байрам табриги

Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами муносабати билан ички ишлар органларининг барча ходимларини ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини ва фахрийларимизни самимий муборакбод этаман.

Бу йилги байрам “Бир бўлсак-ягона халқмиз, бирлашсак-Ватанмиз” шиори остида ўтказилаётганида чуқур маъно мужассам.

Чунки, дунё ҳамжамиятида жонажон Ватанимиз бўлган Ўзбекистон ўз ўрнини топиб бораётганлиги, юртимизда “Инсон қадри улуғ” эзгу тамойили асосида жадал ўзгаришлар амалга оширилаётганлиги, айниқса соҳада замонавий, илмий салоҳиятли, кенг дунёқарашга эга бўлган кадрларни тайёрлаш, ички ишлар органлари ходимларини уй-жой билан таъминлаш, уларнинг оила аъзоларини, соҳа фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доимий равишда эътибор қаратиб келинмоқда.

Ҳар қандай шароитда ҳам ўз бурчини виждонан бажаришга қасамёд қилган мард ва жасур ички ишлар органлари ходимларининг фидокорона хизматлари ва жасоратини барчамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Бу борада “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!” консептуал ғояси асосида хизматни ташкил этиб, ички ишлар тизимида сидқидилдан хизмат қилаётган ватанпарвар, фидойи, жасоратли ва мард ходимларимизнинг алоҳида ўрни бор.

Зеро, ўз ҳаётини жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек олижаноб ишга бағишлаган ҳамда буни ҳар куни, ҳар дақиқада амалда исботлаётган ички ишлар ходимлари бизнинг фахримиз ва ғуруримиздир.

Қадрли ҳамкасблар!

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор барчангизни энг азиз байрамимиз – Мустақиллик айёми билан табриклаб, сизларга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, узоқ умр, оилавий тотувлик, дастурхонингизга тўкинлик ва қут-барака тилайман.

Зиммангиздаги масъулиятли вазифаларни шараф билан адо этишингизда, Сизга куч-қувват, матонат, омад ва зафарлар ҳамиша ҳамроҳ бўлсин.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, барқарор ривожланишимиз бардавом бўлсин!

Ҳурмат билан,

Бошқарма бошлиғи подполковник И.Н.Турсунов

Text to speech