Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Пешку туманининг Зандани маҳалласи аҳолиси муаммолари ечимига бағишланган сайёр қабул ўтказди
Расмий саҳифаларимизни кузатиб бораётган бўлсангиз, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов аҳоли билан доимий мулоқот қилиб, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳолига етказиш борасида бевосита жойларга чиқиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиб келмоқда.
Бугун ҳам бошқарма бошлиғи Пешку туманининг “Зандани”маҳалласида аҳоли мурожаатларини тинглади.
Вилоят 3-сектор штаби аъзолари, туман сектор раҳбарлари, тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари иштирокида ўтказилган юзма-юз очиқ мулоқотда 10 дан ортиқ фуқароларнинг 15 га яқин турли масалалардаги мурожаатлари бирма бир кўриб чиқилди.
Жараёнда асосан иш билан таъминлаш, таълим кредити, тадбиркорликни кенгайтириш, электр таъминотидаги паст кучланишни бартараф этиш, ички йўлларни таъмирлаш, пиёдалар йўлакларини барпо этиш, сунъий нотекисликлар ҳамда тартибга солувчи светофор ўрнатиш масалалари кўтарилди.
Асосий эътибор, мурожаатларнинг жойида ҳал этилишига қаратилиб, қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун юритувга олинган мурожаатлар юзасидан аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгиланиб, масъулларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, аҳоли билан мулоқотда билдирилган таклифлар, кўтарилган муаммолар асосида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, маҳаллаларда янги иш ўринларини яратиш, асосан «Темир», «Ёшлар» ва «Аёллар» дафтарларига кирган, ишсиз фуқароларни доимий иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бу каби сайёр қабуллар вилоятимизнинг 3-секторига қарашли Ғиждувон, Шофиркон ва Вобкент туманларининг барча ҳудудларида, бундан ташқари, қолган шаҳар ва туманларнинг 3-секторларига қарашли маҳаллаларида тасдиқланган график асосида ўтказиб борилади.