12 Декабр 2023 йил 876

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов Қоракўл туманида бўлди

Бугун, 12 декабр куни вилоят ИИБ бошлиғи Қоракўл туманида бўлиб, "Қувача" маҳалласида аҳоли мурожаатлари ечимига бағишланган сайёр қабул ўтказди.

Шундан сўнг, бошқарма бошлиғи ҳамда вилоят прокурори бошчилигидаги масъуллар туманда ёшларнинг таълим-тарбия олишлари учун яратиб берилган шароитлар, ижтимоий объектларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини кўздан кечиришди.

Маълумки, Қоракўл туманида Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Ачаря университети филиали очилган эди.

Университетда йигит-қизлар сунъий интеллект, маълумотлар фани, киберхавфсизлик, бизнес таҳлил ва бошқа йўналишлар бўйича мукаммал билим олиш имкониятига эга бўлишади. Асосий эътибор ахборот коммуникация технологиялари соҳасини ўргатишга қаратилган.

Вилоят сектор раҳбарлари бошчилигидаги масъуллар мазкур университетда ҳам бўлиб, бинода талаба ва профессор-ўқитувчилар учун яратиладиган шароитлар билан танишди. Хорижий ҳамкорлар билан 2023/2024-ўқув йили таълим жараёнини ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашишди.

Қоракўл туманининг "Қозон" маҳалласида яшовчи Гуландом Файзуллаева Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ХПБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида тарбияланиб чиққан. У вилоят ИИБ бошлиғи билан бўлган суҳбатда спортнинг "Бокс" турига қизиқишини билдириб, спорт билан шуғулланишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эди.

Бошқарма бошлиғининг тегишли топшириғига асосан Гуландом Файзуллаева Олот туманида жойлашган Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб интернатига ўқишга жойлаштирилди.

Полковник Миржамол Миралимов Қоракўл туманидаги ўрганишлари жараёнида Гуландом Файзуллаева билан ҳам суҳбатлашди.

Шунингдек, шу куни вилоят 3 сектор раҳбари "Қуйи Янгибозор" маҳалласида жойлашган 17 сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, ёшларнинг таълим-тарбия олишлари учун яратилган шароитлар, куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарликларни кўздан кечирди.

Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимовнинг бу каби ўрганишлари Бухоро вилояти бўйлаб давом этмоқда.

Text to speech