Бухоро вилояти Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларидан иборат жамоалар ўртасида “Мен, отам ва онам спортчилар оиласи” мусобақаси ўтказилди
Юртимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни аҳоли ўртасида оммалаштириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрьдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу асосда, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг тегишли фармойишига мувофиқ Жондор туманидаги “Нурафшон” спорт мажмуасида вилоят ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари иштирокида “Мен, отам ва онам – спортчилар оиласи” номли оилавий спорт мусобақаси ташкил этилди.
Мусобақада иштирокчилар оила аъзолари билан бирга жамоа таркибида куч синашдилар. Улар “Чаққонлик ва мерганлик эстафетаси”, “Моҳир ҳужумчи”, “Қаддимизни ростлаймиз, сакрашни бошлаймиз”, “Тезлик эстафетаси” ҳамда “Эпчиллик эстафетаси” каби турли спорт йўналишларида беллашдилар.
Қизғин ва муросасиз руҳда кечган мусобақа жараёнида оилалар нафақат ўз маҳоратларини намойиш этдилар, балки ўзаро ҳамжиҳатлик ва жипсликка ҳам эътибор қаратдилар. Бу эса тадбирнинг асосий мақсадларидан бири – соғлом турмуш тарзини оила муҳитида мустаҳкамлаш ва спорт орқали ота-оналар ҳамда фарзандлар ўртасидаги муносабатни янада самарали қилишга хизмат қилди.
Тадбирнинг тантанали тақдирлаш маросимида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ва Жондор тумани ҳокими иштирок этиб, спортнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирдилар. Улар ички ишлар органлари ходимлари учун спорт билан шуғулланиш касбий фаолиятда жисмоний тайёргарлик ва руҳий барқарорликни таъминлашда муҳим омил эканини, шунингдек, оила аъзоларида соғлом турмуш тарзига риоя қилиш одатини шакллантиришда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Якунда ғолиб ва совриндор жамоалар медаль, диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бу каби тадбирлар нафақат ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлайди, балки жамоатчилик ўртасида спортга қизиқишни ошириш, аҳолида соғлом турмуш тарзига интилишни кучайтиришга хизмат қилади.