6 Август 2025 йил 2018

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шофиркон туманида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди

Бошқарма бошлиғи дастлаб, туман Ички ишлар бўлимида бўлиб, Навбатчилик қисми фаолиятини кўздан кечирди. Хусусан, “E-material” электрон платформаси орқали келиб тушаётган кундалик материалларнинг қайд этилиши, уларни кўриб чиқиш тартиби ҳамда улар юзасидан қонуний ва асосли қарорлар қабул қилиниши борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.

"Қалмақон" маҳалласи тумандаги криминоген вазияти бир мунча мураккаб бўлиб, олиб борилаётган кенг кўламли ҳамда манзилли профилактик тадбирларга қарамасдан сўнгги 5 йил давомида "қизил" тоифадан чиқмасдан келмоқда. Ушбу маҳаллада бўлган бошқарма бошлиғи ҳудудда жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича ишлаб чиқилган “йўл харита”нинг амалий ижроси, профилактик ишлар самарадорлиги ва жиноят ўчоқлари тўғрисидаги маълумотларни танқидий таҳлил қилди. Шунингдек, "Хавфсиз тун" тадбирига жалб қилинган ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолияти ўрганилиб, хизматга жалб этилган ходимларга йўриқнома берди.

Мутасаддилар биргаликда маҳаллада қайд этилган жиноят турлари ва содир этган шахслар тоифалари, шунингдек, содир этилиш вақтига асосланиб қилинган таҳлиллар асосида тунги вақтда пиёда юриб, ҳудуддаги жиноят ўчоқларини бирма-бир кўздан кечирдилар.

Бунда асосий эътибор маҳаллада кундузги ва тунги вақтларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлиги ва мол-мулклари дахлсизлигини таъминлаш, айниқса савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари олдида хавфсизликни таъминлаш, велосипед ва автомашина ўғирликларининг олдини олиш, вояга етмаган ёшларнинг бемақсад юришларига чек қўйиш, хотин-қизлар ва ёшлар томонидан жиноят содир этилишининг олдини олиш, низоли оилалар билан ишлаш масалалари, шунингдек, ҳудуднинг камералаштирилганлиги, қўриқлаш пультлари билан жиҳозланганлиги ҳамда куч-воситаларнинг тақсимоти тўғри йўлга қўйилганлигига қаратилди.

Мазкур тадбирлар доирасида жиноятчиликка қарши курашишда профилактик ишлар самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш ва жамоатчилик билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида қатор топшириқлар берилди.

Бу каби ўрганишлар тасдиқланган график асосида давом эттирилмоқда.

Text to speech