4 Ноябр 2024 йил 1983

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида 25 – октябрь “Ички ишлар органлари ходимлари куни” муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди

Доно халқимиз бисотида энг кўп айтиладиган ибора ва ҳикматлар, ҳатто нуронийларимиз дуоларидан тушмайдиган улуғ ният бу тинчликдир. Юрт тинчлигини сақлаш масъулиятини бўйнига олган инсонлар эса икки карра фидойи бўлмоғи лозим бўлади. Бугун ички ишлар органлари сафида хизмат қилаётган ҳар бир ходим ҳам юрт тингчилиги фуқароларнинг осойишталиги йўлида фидокорона хизмат олиб бормоқда.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида "25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни" муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда ҳам ушбу жиҳатлар алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикаси давлат байроғининг олиб кирилиши ва давлат мадҳиясини ижро этиш билан бошланган тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ва сектор раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари, видеоконференцалоқа тизими орқали ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тузилмалари, шунингдек, ҳудудий ички ишлар органларининг барча шахсий таркиби, меҳнат фахрийлари, хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Дастлаб, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни" муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Вилоят ҳокими ўз сўзида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ички ишлар органлари ходимларининг шарафли ва машаққатли хизматларини алоҳида эътироф этди.

Шундан сўнг вилоят ИИБ бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Бошқарма бошлиғи ўз сўзида сўнги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида ички ишлар органлари тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида алоҳида тўхталиб, Бухоро вилояти Ички ишлар органлари ходимлари томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш йўлида олиб бораётган хизматлари юксак баҳоланаётганини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг, байрам муносабати билан тақдирланган бир гуруҳ вилоят ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегиш Фармонига асосан, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи подполковник Уктам Аскаровга “Содиқ хизматлари учун” медали билан мукофотланганлиги эълон қилинди.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи асосида, ватанимиз тинчлиги ва эл-юрт осойишталигини таъминлаш йўлидаги кўп йиллик фидокорона хизматлари, жиноятчиликка қарши кураш ва уни олдини олиш борасидаги самарали меҳнати, ўз хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик ва жасорат кўрсатган ходимлар “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони, “Бенуқсон хизматлари учун” биринчи, иккинчи, учинчи даражали кўкрак нишонлари, китоблар тўплами, пул мукофотлари, муддатидан аввал “подполковник” ҳамда навбатдаги "майор" ва "лейтенант" махсус унвонлари билан тақдирланишди.

Шу билан бирга байрам муносабати билан вилоят ҳокими, прокуратура, солиқ, Миллий гвардия ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг миннатдорчилиги ва эсдалик совғалари ҳам тантанали равишда топширилди.

Тадбир давомида вилоят ички ишлар органлари ходимларининг бир гуруҳи Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг эсдалик қўл соати, ота-оналарига миннатдорчилик хати ҳамда “Энг яхши профилактика инспектори”, “Энг яхши терговчи”, “Энг яхши маънавий-маърифий ишлар тарғиботчиси” номи остида ўтган кўрик-танловлар ғолибларига турли даражадаги мукофотлар, шу билан бирга ходимларга уй-жой сотиб олишлари учун дастлабки бадал пуллари тақдим этилди.

Бундан ташқари, байрам муносабати билан бошқарма бошлиғининг буйруғи билан, 848 нафар ходимлар пул мукофоти билан тақдирланган бўлса, 125 нафар ходимларнинг ҳаракатдаги интизомий жазолари муддатидан аввал бекор қилинди.

Байрам муносабати билан шахсий таркиб, фахрийлар ва хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларига қаратилган бундай эътибор, ходимларимиз ўртасида Она Ватанга ҳамда касбига бўлган садоқат руҳини кучайтириб, келгусида хизмат самарадорлигининг ошишига замин яратади албатта.

Text to speech