Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсуновнинг навбатдаги сайёр қабули Жондор туманининг Янгиобод маҳалласида ўтказилди
Давлатимиз раҳбари томонидан амалиётга татбиқ этилган аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизми бугун юртдошларимизнинг йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолари ечимига хизмат қилмоқда.
Хабарингиз бор, Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ҳам ҳудудларда бўлиб, бевосита аҳолининг мавжуд муаммоларини ўрганиш, уларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида юзма-юз мулоқотлар ўтказмоқда.
Бошқарма бошлиғи бошчилигида навбатдаги сайёр қабул Жондор туманининг Янгиобод маҳалласи аҳолиси билан ўтказилди.
Вилоят 3-сектор штаби аъзолари, туман сектор раҳбарлари, Халқ қабулхонаси, тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда, 15 дан ортиқ фуқароларнинг 20 га яқин турли масалалардаги мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.
Жумладан, ички йўлларни шағаллаштириш, суюлтирилган газ таъминотини яхшилаш, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам, тадбиркорликни кенгайтиришда амалий ёрдам бериш, субсидия асосида тикув машинаси олишда кўмаклашиш масалаларлари кўтарилди.
Бунда мурожаатларнинг ечимига алоҳида эътибор қаратилиб, қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун муддат талаб қилинганлари юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, тегишли мутасаддиларга зарурий кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Қабулдан сўнг бошқарма бошлиғи тегишли ташкилот масъуллари ҳамда маҳалла "еттилиги" билан маҳаллада иш самарадорлигини ошириш юзасидан муҳокама йиғилишини ўтказиб, ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли мурожаатларига ечим топиш, ишсиз фуқароларни мавсумий ишларга жалб этиш орқали уларнинг даромадларини ошириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида ўзинг тегишли кўрсатма ва тавсияларини берди.
Албатта, бу каби сайёр қабулларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳалқ билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, аввало инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш орқали халқимизнинг фаровон, бахтли ҳаёт кечириши учун муносиб шарт-шароитлар яратишдан иборатдир.