Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Вобкент туманининг Хайрихуш маҳалласида сайёр қабул ўтказди
Президентимизнинг ташаббуси ва қабул қилган норматив ҳуқуқий ҳужжатларига асосан аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизми ва усулларининг жорий этилгани мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, бугун 21 май куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов вилоят 3-секторига қарашли Вобкент туманининг Хайрихуш маҳалласида аҳоли мурожаатлари ечимига қаратилган сайёр қабул ўтказди.
Вилоят 3-сектор штаби аъзолари, туман сектор раҳбарлари, тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари иштирокида ўтказилган юзма-юз очиқ мулоқотда 20 нафар фуқароларнинг 30 дан ортиқ турли масалалардаги мурожаатлари қабул қилинди.
Жумладан, иш билан таъминлаш, таълим кредити, тадбиркорликни кенгайтиришда амалий ёрдам бериш, яроқсиз сим ёғочларни янгилаш, электр таъминотидаги паст кучланишни бартараф этиш, ички йўлларни таъмирлаш ва шағаллаштириш, пиёдалар йўлакларини барпо этиш, сунъий нотекисликлар ҳамда тартибга солувчи светофор ўрнатиш масалаларлари кўтарилди.
Асосий эътибор, мурожаатларнинг жойида ҳал этилишига қаратилиб, қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун иш юритувига олинган мурожаатлар юзасидан аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгиланиб, тегишли соҳавий хизматлар раҳбарларига бажариш муддатлари аниқ белгиланган кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Албатта, бу каби сайёр қабулларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳалқ билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, аввало инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш орқали халқимизнинг фаровон, бахтли ҳаёт кечириши учун муносиб шарт-шароит яратишдан иборатдир.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалиётга тадбиқ этилаётган, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш борасида асос солинган янги тизим аввало, ижтимоий адолатни таъминлаш борасида ўзбекона ҳаёт фалсафаси ва миллий давлатчилик мактабига хос барҳаёт анъаналарнинг янги тараққиёт босқичи бўлиши билан бирга, мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш йўлидаги стратегик мақсадларга эришишнинг қудратли воситасига айланмоқда десак муболаға бўлмайди.