3 Феврал 2025 йил 527

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида ўтган 2024 йил сарҳисоб қилинди

Бугун, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида вазир ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзарахимов иштирокида вилоят ички ишлар бошқармаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан ўтган 2024 ҳисобот йилида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда янги 2025 йилда амалга оширилиши белгилаб олинган масалалар муҳокамасига оид танқидий таҳлилий тезкор йиғилиш ўтказилди.

Анъанага кўра Ўзбекистон Республикаси мадҳиясининг жонли ижро этилиши билан бошланган йиғилишда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Икромжон Турсунов, бошқарма бошлиғининг барча ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари иштирок этишди.

Тезкор йиғилишни бошқарма бошлиғи полковник Икромжон Турсунов олиб бориб, дастлаб кун тартибидаги масалалар билан йиғилганларни таништирди.

Шундан сўнг, бошқарма бошлиғининг 1-ўринбосари полковник Баҳодирхўжа Шарипов вилоятда 2024 йил давомида ҳуқуқбкузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш, содир бўлган жиноятларни иссиқ изида фош этиш, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлиги ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан батафсил ахборот берди.

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда, 2024 йил давомида эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда ўтказилган профилактик тадбирларнинг самарадорлиги хусусида соҳавий хизмат раҳбарлари, туман (шаҳар) ИИБ бошлиқлари ва бошқа масъулларнинг ҳам ҳисоботлари тингланди.

Ҳисоботлар тингланиб, муҳокама натижаларига кўра хизмат вазифаларини бажаришда камчиликларга йўл қўйиб келган айрим раҳбар ва ходимларга нисбатан қаттиқ интизомий таъсир чоралари қўллаш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Жараёнда янги 2025 йилда Бухоро вилоятида жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга доир маҳалла, туман-шаҳар, хизмат соҳа ҳамда вилоят кесимида ишлаб чиқилган йўл хариталари, шунингдек, янги лойиҳалар, куч воситалар ва моддий-техника таъминотини яхшилаш бўйича қилинган таклифлар муҳокама қилинди.

Ички ишлар вазирининг ўринбосари билдирилган таклиф ҳамда мулоҳазаларга нисбатан ўзининг тавсияларини бериб, йўл қўйилган камчиликлардан зарурий хулоса чиқариб, берилган вазифа ва топшириқларни виждонан бажариш, фуқаролар хавфсизлиги ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш бўйича топшириқлар берди.

Биринчи навбатда ҳар бир ички ишлар органи ходимининг ўзи хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий амал қилиши, хизмат вазифасига виждонан ёндашиши, асосийси ватанга, хизматга ва халқига садоқатли бўлиши лозимлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

Вазир ўринбосари, юқори ва қуйи тизим раҳбарларига, ходимларнинг оилавий шароити ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш кадрларни тарбиялашда устоз-мураббий анъаналарини янада кенг татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини билдирди.

2024 йилда Бухоро вилоятида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан ишлаб чиқилган ташкилий тадбирлар режаси ва йўл хариталарини яна бир бор синчковлик билан кўриб чиқиб, ҳар бир йўналиш бўйича барча устувор вазифаларни белгилаб олган ҳолда ижрога қаратиш лозимлиги юзасидан қарорлар қабул қилинди.

Йиғилиш якунида 2024 йил давомида хизматдошларига шахсий намуна кўрсатиб юқори кўрсатгичларга эришган, маъмурий ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларда самарали меҳнат қилган, содир этилган жиноятларни аниқлаш ва иссиқ изида фош этиш борасида юқори натижаларга эришган, турли мусобақа ва кўрик танловларда юқори натижаларни қайд этган бир гуруҳ вилоят ички ишлар органлари ходимлари Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқарма бошлиғининг буйруқлари билан тақдирланди.

Text to speech