Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Икромжон Турсуновнинг “25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни” байрами муносабати билан соҳа ходимлари ва фахрийларига байрам табриги
Ҳурматли, ички ишлар органлари ходимлари! Азиз, фахрийлар! Барчангизни мамлакатимизда ички ишлар органлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда “25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни” муносабати билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Бугунги кунда ички ишлар тизими мамлакатимиз тараққиётининг ишончли таянчи, халқимиз тинчлиги ва осойишталигининг мустаҳкам кафолати сифатида жамиятда юксак ўринга эга бўлиб бормоқда.
Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда ички ишлар органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, ходимларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва моддий таъминотини яхшилаш, уларнинг хизмат шароитларини замон талаблари даражасига олиб чиқиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
“Халқ манфаатларига хизмат қилиш – ҳар бир ходимнинг бурчидир” деган тамойил асосида хизматни ташкил этиш бугун биздан янада юқори масъулият, ҳушёрлик ва садоқатни талаб этмоқда.
Тизимда бўлаётган ўзгаришларнинг марказида инсон қадри, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадлар мужассам. Шу йўлда Ватанга садоқат, жасорат, ҳалоллик ва фидоийлик намунасини кўрсатаётган барча ходимларимиз билан фахрланамиз.
Азиз, ҳамкасблар!Шу фурсатдан фойдаланиб, Сизларга – ўз ҳаёти ва соғлигини халқ осойишталиги, юрт тинчлиги йўлида бахш этаётган, кечаю кундуз хизматда собитқадам турган барча ходимларга, нафақадаги фахрийларимизга, шунингдек, хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган жасур ҳамкасбларимиз хотираси олдида чуқур эҳтиром бажо келтирган ҳолда, уларнинг оила аъзоларига самимий миннатдорчилик билдираман.
Янги Ўзбекистон тараққиётида, Бухоро вилоятининг тинчлиги ва барқарорлигида Сизларнинг ўрнингиз беқиёс. Ҳар бир ходимнинг фидойилиги, матонати ва касбга бўлган садоқати бугунги осойишта ҳаётимизнинг пойдеворидир.
Сизларга мустаҳкам соғлик, куч-қувват, бардавом ғайрат, оилавий тинчлик ва бахт-саодат тилайман.Хизматларингизда доимо омад ва зафарлар ёр бўлсин!
Юртимиз осмони мусаффо, халқимиз тинч, Ватанимиз обод бўлсин!