27 Сентябр 2024 йил 2410

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Ромитан туманининг Афросиёб маҳалласида сайёр қабул ўтказди

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалиётга жорий этилган аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизми бугун марказдан тортиб олис қишлоғу овулларда яшаётган юртдошларимизнинг йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолари ечимига хизмат қилмоқда.

Хабарингиз бор, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ҳудудларда бўлиб, бевосита аҳолининг мавжуд муаммоларини ўрганиш, уларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида юзма-юз мулоқотлар ўтказмоқда.

Бошқарма бошлиғи бошчилигида навбатдаги сайёр қабул Ромитан Туманининг Афросиёб маҳалласида ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ромитан туманидаги Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда ўтказилган сайёр қабулда вилоят 3-сектор штаби аъзолари, туман сектор раҳбарлари, тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари иштирок этишди.

Қабул давомида 10 дан ортиқ фуқароларнинг 15 га яқин турли масалалардаги мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.

Жумладан, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам, тадбиркорликни кенгайтиришда амалий ёрдам бериш, субсидия асосида тикув машинаси олишда кўмаклашиш, олий таълим муассасасининг тўлов контракти учун таълим кредити ажратиш борасидаги масалалар кўтарилди.

Мурожаатларнинг аксарияти шу куннинг ўзида ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун муддат талаб қилган мурожаатлар юзасидан аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгиланди.

Шу жараёнда бошқарма бошлиғи томонидан, ушбу маҳаллада яшовчи 16 ёшга тўлган, биринчи марта фуқаролик паспорти олаётган Малика Баротова ҳамда Акбаршох Ахмадовларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ID-картаси тантанали равишда топширилди.

Қабулдан сўнг бошқарма бошлиғи маҳалла "еттилик" вакилларининг ҳамкорликдаги иш фаолиятини ҳам ўрганди.

Ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларига ечим топиш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш, "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури доирасида амалга оширилиши лозим бўлган галдаги вазифалар хусусида кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Албатта, бу каби сайёр қабулларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳалқ билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, аввало инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш орқали халқимизнинг фаровон, бахтли ҳаёт кечириши учун муносиб шарт-шароитлар яратишдан иборатдир.

Text to speech