Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида Бухоро вилоят суди, вилоят Ички ишлар бошқармасининг Тергов бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда фирибгарлик жинояти билан боғлиқ терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки терговни олиб бориш амалиёти ҳамда бу борада мавжуд қонунчиликни амалиётда қўллаш масалаларига бағишланган ўқув-семинар машғулоти ўтказилди.
Семинарни Бухоро вилоят суди раиси Учқун Рўзиев кириш сўзи билан очиб бериб, фирибгарликка оид ишларни судда кўриш жараёнида юзага келаётган муаммоларга алоҳида тўхталиб, Олий суд пленумининг “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти” тўғрисидаги 17-сонли қарорининг мазмун-моҳияти тўғрисида тушунча бериб ўтди.
Йиғилишда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Оқил Ҳасанов Ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари томонидан фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суриштирув ва дастлабки терговни ўтказишда эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар тўғрисида маъруза қилиб, ҳисобот даврида мазкур соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликлардан мисоллар келтирилди ва ҳар бир ҳолатдан тегишли хулосалар чиқариш лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Бундан ташқари, семинар давомида жисмоний ва юридик шахсларнинг фирибгарлик мазмунидаги мурожаатларига асосан Ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари томонидан ўтказилаётган терговга қадар текширув давомида эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Мунозара тариқасида ўтган йиғилишда шаҳар-туманларнинг жиноят ишлари бўйича суд раислари, назоратни олиб борувчи прокуратура ходимлари ҳамда ҳудудий ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари ходимлари томонидан мазкур соҳада амалиётда юзага келаётган муаммоли вазиятлари бўйича берилган саволларига қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда зарур тавсиялар берилди.
Йиғилиш якунида жиноят бўйича жазонинг муқаррарлигини таъминлаш, фуқароларнинг мурожаатларини қаноатлантириш, жиноят натижасида давлат ва жамиятга етказилган зарарларни қоплаш ҳамда мазкур соҳадаги қонун нормаларини қўллашда ягона амалиётни жорий этиш мақсадида ички ишлар органлари, прокуратура ва судлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.