Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида ўтган ҳафта фаолияти таҳлил қилиниб, янги вазифалар белгиланди
Жорий йилнинг 27 октябрь куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи раислигида видеоселектор шаклида тезкор йиғилиш бўлиб ўтди. Унда бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизматлар ва бўлимлар раҳбарлари, шунингдек, вилоятдаги барча шаҳар ва туман ички ишлар органларининг шахсий таркиби иштирок этди.
Йиғилишда, кун тартибидан жорий йилнинг 9 ой 25 куни давомида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш йўналишида амалга оширилган ишлар, бу борада йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги долзарб масалалар, Ички ишлар вазирлигининг фаолият самарадорлигининг рейтинг баҳолаш кўрсаткичлари тизими (KPI) доирасида эришилган натижалар ҳамда камчиликлар, шунингдек, аҳолини ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиниши билан боғлиқ Президент Фармонинг мазмунини шахсий таркибга етказиш масалалари муҳокама қилинди.
Мажлис давомида вилоятда жиноятчилик ҳолатлари, уларнинг сабаблари ҳамда айрим ҳудудларда профилактик чора-тадбирларнинг суст олиб борилаётганлиги танқидий руҳда таҳлил қилинди. Раҳбарлар ва масъулларга фаолиятни танқидий қайта кўриб чиқиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда самарадорликни ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Йиғилишда, хизмат интизомини мустаҳкамлаш, ички тартиб ва назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Бошқарма раҳбари масъулларга жамоавий масъулиятни ошириш, ҳар бир ходимнинг фуқаролар осойишталиги йўлидаги хизматини янада самарали ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунингдек, “25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни” муносабати билан хизмат фаолияти давомида юқори натижаларга эришиб, ўз бурчига садоқат билан ёндашаётган ходимларни тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.
Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига асосан, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Э.Н.Сафаров хизматдаги алоҳида ютуқлари, фидокорона меҳнати ҳамда масъулиятли фаолияти учун навбатдаги полковник махсус унвони билан тақдирланди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 2–3 октябрь кунлари ўтказилган “Энг яхши ҳудудий ички ишлар органлари бошлиғи” республика танловида фахрли 3-ўринни эгаллаган Жондор тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Носиров Абдухалил Рустамович хизматдаги ютуқлари учун «BYD» автомашинаси билан тақдирланди.
Бундан ташқари, вилоят ички ишлар органларининг турли раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият олиб бориб, вилоятимиз ҳудудида жиноятчиликни жиловлаш, юртимиз тинчлиги, фуқароларимиз фаровонлигини таъминлашда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган подполковник Жалолов Шухрат Насуллаевични нафақага кузатиш маросими ҳам ўтказилди.
Тадбир якунида жиноятчиликнинг олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг рўйхатга олиш жараёнида ички ишлар органлари зиммасига юклатилган вазифаларни сифатли бажариш муҳимлиги қайд этилди.