27 Декабр 2024 йил 2254

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Вобкент туманининг Халач маҳалласида сайёр қабул ўтказди

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалиётга жорий этилган аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг бундай самарали механизми ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашга, аҳоли муаммоларини ҳал қилишга хизмат қилмоқда.

Хабарингиз бор, Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ҳам айни шу мақсадда ҳудудларда бўлиб, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг боришини кўздан кечириш, аҳолининг мавжуд муаммоларини ўрганиш, уларни тезкорлик билан бартараф этишга қаратилган  юзма-юз мулоқотлар ўтказмоқда.

Бошқарма бошлиғи бошчилигида навбатдаги сайёр қабул Вобкент туманининг Халач маҳалласида ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси Вобкент тумани бўлими масъуллари, вилоят 3-сектор штаби аъзолари, туман сектор раҳбарлари, тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари иштирокида ўтказилган сайёр қабулда 10 га яқин  фуқароларнинг 15 дан ортиқ турли масалалардаги мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.

Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам бериш, электр ва табиий газ таъминотини яхшилаш, соғлигини тиклаш бўйича даволанишга ёрдам бериш, йўл инфратузилмасини яхшилаш, деҳқончиликдан унумли фойдаланишда ирригация тизимларини яхшилашга доир масалалар қабул қилинди.

Мурожаатларнинг жойида бартараф этилишига алоҳида эътибор қаратилиб, қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун муддат талаб қилганлари юзасидан аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгиланди.

Қабулдан сўнг бошқарма бошлиғи маҳалла "еттилик" вакилларининг ҳамкорликдаги иш фаолиятини ҳам ўрганди.

Ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларига ечим топиш, мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш хусусида маҳалла еттилик вакилларининг олдига қўйилган вазифалар, уларни ижро этишнинг механизмлари хусусида тушунтиришлар берилиб, иш самарадорлигини оширишга доир ўзининг тавсия, кўрсатма ҳамда топшириқларини берди.

Шунингдек, бошқарма бошлиғининг ушбу маҳалладаги сайёр қабули жараёнида, ҳудуд аҳолиси учун арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаси, чуқурлаштирилган тиббий кўрик ҳамда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ташкил этилди.

Албатта, бу каби сайёр қабулларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳалқ билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, аввало инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш орқали халқимизнинг фаровон, бахтли ҳаёт кечириши учун муносиб шарт-шароитлар яратишдан иборатдир.

Text to speech