Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон қаҳрамони билан учрашув ўтказилди
Бугун, 30 октябрь куни вилоят Ички ишлар бошқармасида «Маданият Муҳаммад Исмат» фермер хўжалиги раҳбари, «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони соҳиби Муҳаммад Аҳмедов ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Шодмон Сулаймонлар иштирокида маъданий-маърифий учрашув ўтказилди.
Учрашувда бошқарма бошлиғи полковник Миржамол Миралимов, бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, соҳавий хизматлар раҳбарлари ҳамда шахсий таркиб иштирок этди.
Тадбирда сўз олган бошқарма бошлиғи Миржамол Миралимов “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган юртдошимиз ўз соҳасининг етук билимдони эканлиги, қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзига хос мактаб яратгани, унинг ҳаёт йўли бошқалар учун ибрат бўлиши ва бу йўналишда давлатимиз томонидан соҳада яратилган мавжуд имкониятлар хусусида сўз юритди.
Самимий мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда «Ўзбекистон Қаҳрамони» Муҳаммад Аҳмедов ўзининг ҳаёт йўли ҳақида гапириб, ходимларни Ватанни севишга, ҳозирда яратиб берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланишга ва Ватан равнақи йўлида фидойи бўлишга чақирди.
Ёзувчи ва шоир Шодмон Сулаймонов ўз сўзида ички ишлар органлари ходимларининг мардонавор хизматларига алоҳида тўхталиб, уларнинг олиб бораётган фаолиятларининг ўзи аслида қаҳрамонлик эканлигини таъкидлади.
Ўтказилаётган бу каби тадбирлар ходимлар маънавиятини ошириш билан бирга, уларни ватанга, ўз касбига бўлган муҳаббати ошишига хизмат қилади.