29 Январ 2025 йил 923

Бухоро вилояти ички ишлар органларида фаолият олиб бораётган профилактика инспекторларининг ҳуқуқий ва касбий билим кўникмаларини оширишга қаратилган сайёр ўқув семинар машғулотлари ўтказилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 апрель кунидаги “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5076-сонли, “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2023 йил 20 январьдаги 10-сонли Қарорлари ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси маънавий – маърифий ишлар ва кадрлар билан ишлаш хизмати, жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасининг 2025 йилга мўлжалланган амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар Йўл харитасининг тегишли бандлари ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ички ишлар органларида фаолият олиб бораётган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ходимларининг ҳуқуқий ва касбий билимларини оширишга қаратилган сайёр ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.

Қисқа муддатли ўқув курсларини самарали ташкил этиш мақсадида вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда вилоят ички ишлар бошқармасининг тегишли соҳавий хизматларининг малакали ходимлари жалб этилган.

Куни кеча Олот тумани Ички ишлар бўлими ходимлари иштирокида бошланган ўқув семинарларида дастлаб ходимларга соҳага оид Қонун, Президент қарор ва Фармонлари, Ички ишлар вазирлигининг буйруқлари мазмун моҳияти тушунтирилди.

Шунингдек, Ички ишлар органларида жиноят ва ҳодисаларга оид аризалар, хабарлар ҳамда бошқа маълумотларни кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари ва тартиби, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун, Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг турлари, чора-тадбирлари ҳамда уларни қўллаш асослари, профилактика инспекторлари томонидан жиноят ҳақидаги ариза ва хабарлар юзасидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечиришда профилактика инспекторларининг ҳаракатлари хусусида батафсил тушунчалар берилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси қонун ва қонун ости ҳужжатларига киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмуни ва моҳияти, “Е-маъмурий иш” электрон тизимида маъмурий баённома ва маъмурий қарорларни расмийлаштириш, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга нисбатан ҳимоя ордери расмийлаштириш тартиб қоидалари, спиртли ичимликка ружу қўйган шахсларни мажбурий даволанишга юбориш, руҳий касалларни шифохонага жойлаштириш ва муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш, пробация назоратида турган шахслар билан ишлаш, ов қуролига эга бўлган шахслар томонидан қуролларни сақлаш тартибига риоя этилишини текширишнинг ўзига хос хусусиятлари мавзуларида маърузалар қилинмоқда.

Ўқув семинарида очиқлик шароитида хизматни қандай олиб бориш, ички ишлар органлари ва жамоатчилик назорати субъектларининг ўзаро ҳамкорлиги қандай бўлиши кераклиги, ахборот тарқатиш жараёнида қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлар мавжудлиги, нопок жамоатчилик вакилларидан қандай ҳимояланиш зарурлиги хусусида ҳам атрофлича тушунтиришлар берилиб, бу борада тайёрланган видеоролик ходимлар эътиборига етказилмоқда.

Маълумот ўрнида, профилактика инспекторларининг ҳуқуқий ва касбий тайёргарлигини оширишга қаратилган ўқув-амалий курслари якуни бўйича тест имтиҳонлари қабул қилиб, ходимларнинг эгаллаган билим ва кўникмалари синовдан ўтказилади.

Бухоро вилояти ички ишлар органларида фаолият олиб бораётган профилактика инспекторларининг ҳуқуқий ва касбий билим кўникмаларини оширишга қаратилган ўқув семинар машғулотлари тасдиқланган режа график асосида давом этмоқда.

Text to speech