17 Октябр 2024 йил 931

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Ғиждувон тумани Ички ишлар бошқармасининг 9 ойлик иш натижаларини таҳлилий-танқидий муҳокама қилди

Муҳокамада бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, тегишли соҳавий хизматлар раҳбарлари, Ғиждувон тумани Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ҳамда барча шахсий таркиби иштирок этди.

Танқидий ва таҳлилий тарзда ўтган йиғилишда:

- туман ҳудудида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчиликни олдини олиш, қидирувдаги шахсларни ушлаш, бедарак йўқолганларни топиш, очилмаган жиноятларни фош этиш, олди олиниши мумкин бўлган жиноятларнинг профилактикасини амалга ошириш;

- жамоат ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш, шу жумладан "қизил" ва "сариқ" маҳаллаларда тезкор ҳамда профилактик тадбирларни кучайтириш орқали «яшил» тоифали маҳаллалар сонини ошириш;

- илгари судланганлар, профилактик ва пробация ҳисобида турувчи, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли  юқори бўлган шахслар билан манзилли ишлаш;

- тергов сифатини ошириш, суриштирув, терговга қадар текширув ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари давомида қонунийликни таъминлаш;

- ариза ва хабарларни ўз вақтида, сифатли ва тўлақонли кўриб чиқиб, натижаси юзасидан асослантирилган қарорлар қабул қилинишини таъминлаш;

- 3-сектор фаолиятида самарадорликка эришиш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларига ечим топиш, маҳаллаларда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари суръатини ошириш;

- хизмат интизоми ҳамда қонунийликни таъминлаш, коррупциоген ҳолатларга йўл қўймаслик, «ходимбай» тизими асосида ходимларнинг яшаш шароити, мавжуд муаммоларини ўрганиш каби масалалар кўриб чиқилди.

Танқидий ва таҳлилий тарзда ўтган йиғилишида ҳар бир масала юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, амалга оширилган иш натижалари бирма-бир муҳокама қилинди. Жараёнда 9 ойлик иш натижалари бўйича камчиликларга йўл қўйган раҳбар ва масъул ходимларга нисбатан интизомий таъсир чораларни қўллаш, юқори натижаларга эришган ходимларни рағбатлантириш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шундан сўнг, бошқарма бошлиғи туман ҳудудида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитларни бирма-бир таҳлил қилиб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш борасидаги манзилли профилактик тадбирларни кучайтириш, мурожаатлар билан ишлаш, шунингдек, шахсий таркиб томонидан ижро ва хизмат интизоми ҳамда қонун талабларига қатъий риоя қилиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, таъмагирлик ва порахўрлик каби иллатларнинг ходимлар томонидан содир этилишига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Якунда, кўтарилган ҳар-бир масала юзасидан тегишли соҳавий хизматлар масъуллари, туман Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ва шахсий таркибга аниқ топшириқлар берилиб, жорий йилнинг 4-чорагига мўлжалланган йўл харитасининг ижроси алоҳида назоратга олинди.

Text to speech