21 Декабр 2024 йил 180

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Когон шаҳрининг Темирйўлчилар маҳалласида сайёр қабул ўтказди

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалиётга жорий этилган аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг бундай самарали механизми ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашга, аҳоли муаммоларини ҳал қилишга хизмат қилмоқда.

Хабарингиз бор, Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ҳам айни шу мақсадда ҳудудларда бўлиб, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг боришини кўздан кечириш, аҳолининг мавжуд муаммоларини ўрганиш, уларни тезкорлик билан бартараф этишга қаратилган юзма-юз мулоқотлар ўтказмоқда.

Бошқарма бошлиғи бошчилигида навбатдаги сайёр қабул Когон шаҳрининг Темирйўлчилар маҳалласида ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси Когон шаҳар бўлими масъуллари, вилоят 4-сектор раҳбари Солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоят 3-сектор штаби аъзолари, туман сектор раҳбарлари, тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари иштирокида ўтказилган сайёр қабулда 15 га яқин фуқароларнинг 20 дан ортиқ турли масалалардаги мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.

Жумладан, Иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам бериш, электр ва табиий газ таъминотини яхшилаш, соғлигини тиклаш бўйича даволанишга ёрдам бериш, маҳаллада футбол майдонини барпо этиш, кўча чироқларини ўрнатиш, кўп қаватли уй подъездининг чала қолган таъмирлаш ишларини якунлаш, йўл инфратузилмасини яхшилаш, оқова сув чиқариш тизимини таъмирлаш, шунингдек, ички ишлар органларининг терговга қадар текширувига доир масалалар қабул қилинди.

Мурожаатларнинг жойида бартараф этилишига алоҳида эътибор қаратилиб, қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун муддат талаб қилганлари юзасидан аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгиланди.

Жараёнда бошқарма бошлиғи томонидан, ушбу маҳаллада яшовчи 16 ёшга тўлган, биринчи марта фуқаролик паспорти олаётган уч нафар ёшларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ID-картаси тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, "Ёш китобхон" танловининг Когон шаҳар босқичида юқори натижаларни қайд этган китобхон ёшлар ҳам тақдирландилар.

Қабулдан сўнг бошқарма бошлиғи маҳалла "еттилик" вакилларининг ҳамкорликдаги иш фаолиятини ҳам ўрганди.

Ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларига ечим топиш, мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш хусусида маҳалла еттилик вакилларининг олдига қўйилган вазифалар, уларни ижро этишнинг механизмлари хусусида тушунтиришлар берилиб, иш самарадорлигини оширишга доир ўзининг тавсия, кўрсатма ҳамда топшириқларини берди.

Албатта, бу каби сайёр қабулларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад халқ билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, аввало инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш орқали халқимизнинг фаровон, бахтли ҳаёт кечириши учун муносиб шарт-шароитлар яратишдан иборатдир.

Бу каби тадбирлар тасдиқланган график асосида вилоятнинг барча ҳудудларида давом эттирилади.

Text to speech