11 Июн 2024 йил 1285

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан вилоят 3-секторига қарашли Ғиждувон туманида бугун эрта тонгдан "Соғлом ҳаёт сари-5000 қадам” ва “Хавфсиз ҳаёт учун” шиорлари остида пиёда юриш марафони ҳамда "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун" шиори остидаги маънавий-маърифий ва ватанпарварлик руҳидаги фестиваль ўтказилди

Марафонда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов, туман сектор раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, нуронийлар ҳамда 2000 дан ортиқ уюшмаган ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Ушбу марафон Ғиждувон туманидаги "Абдулла Қаҳҳор" кўчасидан, "Дегрезон" кўчасидаги Ёшлар сайлгоҳигача бўлган масофада давом этди.

Ёшлар сайлгоҳида ташкил этилган фестивалда ёшларда ватанга бўлган муҳаббат ҳиссини ошириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш маданиятини шакллантириш мақсадида, ёш ҳаваскорлар иштирокидаги концерт дастури, ҳунармандчилик буюмларининг кўргазмали намойиши, спортсевар ёшларнинг шахмат, шашка, карате, кураш, стол тенниси бўйича чиқишлари, шунингдек, ёш рассомларнинг асарлари намойиши бўлиб ўтди.

Тадбир давомида вилоят Ички ишлар бошқармаси барча соҳавий хизматлари ўзларининг қурол-аслаҳа, махсус восита, махсус техникалари билан иштирок этиб, ёшларга хизмат фаолиятида самарали қўлланилиб келинаётган махсус воситалар тўғрисида тушунчалар бериб ўтишди.

Якунда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ҳам Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг чиқишлари тадбир иштирокчиларининг олқишларига сазовор бўлди.

Бу каби ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган манзилли тадбирлар давом эттирилиб, уюшмаган ёшлар, ёзги ўқув таътилида юрган ўқувчи ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш асосий мақсад қилиб олинган.

Text to speech