Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Икромжон Турсунов Ромитан туманининг Гулистон маҳалласи аҳолиси муаммолари ечимига бағишланган сайёр қабул ўтказди
Расмий саҳифаларимизни кузатиб бораётган бўлсангиз, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов аҳоли билан доимий мулоқот қилиб, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳолига етказиш борасида бевосита жойларга чиқиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиб келмоқда.
Бугун ҳам бошқарма бошлиғи Ромитан туманининг Гулистон маҳалласида аҳоли мурожаатларини тинглади.
Вилоят 3-сектор штаби аъзолари, туман сектор раҳбарлари, Халқ қабулхонаси, тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари иштирокида ўтказилган юзма-юз очиқ мулоқотда 10 дан ортиқ фуқароларнинг 15 га яқин турли масалалардаги мурожаатлари бирма бир кўриб чиқилди.
Жараёнда асосан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун амалий ёрдам, ички йўлларни таъмирлаш, эскирган электр симёғочларни таъмирлаш, яроқсиз ҳолатга келиб қолганларини янгилаш, даволаниш ва дори-дармон олишда кўмак кўрсатиш каби масалалар кўтарилди.
Мурожаатларнинг аксарияти шу куннинг ўзида ечим топган бўлса, қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун юритувга олинган мурожаатлар юзасидан аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгиланиб, масъулларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Бошқарма бошлиғи маҳалла масъуллари билан суҳбатда, аҳоли билан мулоқотда билдирилган таклифлар, кўтарилган муаммолар асосида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, маҳаллаларда янги иш ўринларини яратиш, асосан «Темир», «Ёшлар» ва «Аёллар» дафтарларига кирган, ишсиз фуқароларни доимий иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январь кунидаги "2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги 1-сонли Қароридан келиб чиқиб, ишлаб чиқилган "Йўл харитаси" бандлари ижросини таъминлаш, маҳаллани жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида масъуллар ва маҳалла "еттилик" вакилларининг зиммасидаги вазифалар юзасидан ўзининг тегишли тавсия ҳамда кўрсатмаларини берди.
Бу каби сайёр қабуллар вилоятимизнинг 3-секторига қарашли Ғиждувон, Шофиркон ва Вобкент туманларининг барча ҳудудларида, бундан ташқари, қолган шаҳар ва туманларнинг 3-секторларига қарашли маҳаллаларида тасдиқланган график асосида ўтказиб борилади.