Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи олис Олот туманининг 35-сонли умумтаълим мактаби битирувчиларига Президент табригини етказди
"Илм-энг буюк шараф" шиори остида ўтказилган тантанали тадбир ўқувчиларнинг жўрлигида Ўзбекистон Республикаси мадҳиясини куйлашдан бошланди.
Шундан сўнг, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг битирувчи ўғил-қизларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Шунингдек, бошқарма бошлиғи ўз сўзида бугунги кунда ёшларнинг таълим-тарбия олишлари учун мамлакатимизда яратилган кенг кўламли имкониятларни эътироф этиб, ушбу шароитлардан оқилона фойдаланган ҳолда келажакда ватанимизнинг мард, жасур, юксак билим ва салоҳиятли ёшлари бўлиб етишишлари зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида мамлакатимизда таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида кекса авлод вакилларининг ҳам фикр мулоҳазалари тингланди.
Шу билан бирга таълим жараёнида юқори натижаларни қайд этган бир қатор ўқитувчи ва ўқувчи ёшлар фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Мактаб маъмурияти томонидан таълим даргоҳи билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйган намунали ота-оналар ҳам тақдирландилар.
Шу куни ўқувчилар томонидан тайёрланган мусиқий чиқишлар, барчага байрамона кайфият улашди.