Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов вилоят 3-секторига қарашли Ғиждувон туманида пахта йиғим-терими вақтида хавфсизликни таъминлаш юзасидан ўрганишлар олиб борди
Ҳозирги кунда бутун вилоятда бўлгани каби Ғиждувон туманида ҳам «Пахта-2024» мавсумига старт берилиб, пахта далаларидаги ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари қизғин давом этмоқда.
Бугун шу муносабат билан подполковник Икромжон Турсунов вилоятнинг 3-сектор ҳудудидаги Ғиждувон туманида бўлиб, масъуллар билан биргаликда пахтани қабул қилиш маскани фаолияти ва фермер хўжаликлари пахта дала майдонларидаги терим ишлари билан яқиндан танишди.
Ўрганишларда пахта терими мавсумида ҳосилнинг талон-тарожини олдини олиш, пахтани ташишга мўлжалланган транспорт воситалари ва тиркамалар, терим отрядларини уюшқоқлик билан кўчиришда фойдаланилаётган автобусларнинг техник хавфсизлигини, йўлларда ҳаракатланиш вақтида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ишларини алоҳида назоратга олиш, улар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини содир этилишига йўл қўймаслик, пахтани қабул қилиш масканида ёнғин хавфсизлигини, шунингдек, жамоат тартибини сақлаш, шу билан бирга асосий эътиборни ҳашарчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларга муносиб шароитлар яратиб бериш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ вазифа ҳамда топшириқлар берилди.