21 Июн 2024 йил 1500

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов бошчилигида ўтказилган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” нинг навбатдагиси Ғиждувон тумани ёшларининг қатор ташаббус ва таклифлари рўёбига хизмат қилди

Ҳар қандай давлатнинг келажагини маънан етук, жисмонан соғлом ва интеллектуал салоҳияти юқори бўлган ёшлар белгилайди. Зотан, ёшларга эътибор мамлакатимиз келажагига бўлган эътибордир.

Бугун, Ғиждувон туманида ўтказилган "Раҳбар ва ёшлар" учрашувида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов, туман сектор раҳбарлари, тегишли корхона ва ташкилотлар вакиллари ҳамда ғиждувонлик ташаббускор ёшлар иштирок этишди.

Ташкил этилган мазкур очиқ мулоқотда Бошқарма бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиб, бу имкониятлардан оқилона фойдаланиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Учрашувда ёшларнинг ер ажратиш, имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам бериш, даволаниш учун кўмаклашиш, ишга жойлаштириш ҳамда ўқув курслари маблағларини қоплаб бериш масалалари юзасидан берган таклиф ҳамда 20 дан ортиқ мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.

Очиқ мулоқот давомида ёшларнинг бир нечта таклифлари қўллаб қувватланиб, 10 дан ортиқ турли масалалар юзасидан қилинган мурожаатлар шу ернинг ўзида ечим топди.

Жумладан, 2 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси берилган бўлса, 4 нафар ёшларга қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун унумдор ер ажратиладиган бўлди, шунингдек, 6 нафар ёшларга ўқув курсларида таълим олиши учун имтиёз берувчи йўлланмалар тақдим этилди.

Учрашувда юқори натижага эришган 3 нафар спортчи ёшлар ҳамда тумандаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини бепул ўқув курсларида ўқитиб келаётган ўқув марказлари раҳбарлари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаккурномаси ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шу билан бирга, 16 ёшга тўлган, биринчи марта фуқаролик паспорти олаётган 4 нафар ёшларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ID-карталари тантанали равишда топширилди.

Бу каби тадбирлар келгусида тасдиқланган график асосида вилоят 3-секторига қарашли туманлар ҳамда бошқа шаҳар-туманларнинг 3-секторига қарашли маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшлар иштирокида ўтказилиши давом эттирилади

Text to speech