Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Когон шаҳрининг Адолат маҳалласида сайёр қабул ўтказди
Хабарингиз бор, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ҳудудларда бўлиб, бевосита аҳолининг мавжуд муаммоларини ўрганиш, уларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида юзма-юз мулоқотлар ўтказмоқда.
Бошқарма бошлиғининг навбатдаги сайёр қабули Когон шаҳрининг Адолат маҳалласи аҳолиси билан ўтказилди.
Вилоят 3-сектор штаби аъзолари, туман сектор раҳбарлари, тааллуқли идоралар масъуллари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда 15 га яқин фуқароларнинг 20 дан ортиқ турли масалалардаги мурожаатлари бирма бир кўриб чиқилди.
Бунда, суд ҳуқуқ масалалари, ички ишлар органлари ва 3-сектор фаолияти, шу жумладан аҳолини доимий иш билан таъминлаш, тадбиркорликни кенгайтиришда амалий ёрдам бериш, яроқсиз сим ёғочларни янгилаш, ички йўлларни таъмирлаш, тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш масалаларлари кўтарилди.
Мурожаатларнинг аксарияти шу куннинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Жумладан, Адолат маҳалласида яшовчи Ўткир Мансуровга Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми "а" банди билан 2 йил ойлик иш ҳаққининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Ички ишлар бошқармаси бошлиғи қабулида бўлган Ўткир Мансуров қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, муддатидан олдин жазодан озод қилинишни сўраб мурожаат қилди.
Бошқарма бошлиғи тегишли масъуллар иштирокида унинг мурожаатини ўрганиб чиқиб, унинг қилган ишидан чин дилдан пушаймонлиги, қатъиян тузалиш йўлига ўтганлиги, ўрнатилган тартибларга риоя қилиб келаётганлигини инобатга олган ҳолда унга тайинланган жазодан муддатидан олдин озод қилиш юзасидан судга тақдимнома киритиш борасида масъулларга тегишли топшириқлар берди.
"Кумуш пирамида" МЧЖ раҳбари Дилором Эргашева бир неча йилдан бери Гидропоника усулида ташкил қилинган иссиқхонада қулупнай етиштириш билан шуғулланади.
У фаолиятини кенгайтириш мақсадида эканлигини билдириб, кредит олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ушбу фуқаронинг мурожаатини сектор раҳбарлари, банк ходимлари ҳамда маҳалла вакиллари иштирокида жойида бориб ўрганди.
Тадбиркорнинг 6 сотих майдонда ташкил қилган иссиқхонаси билан танишиб, унинг фаолиятини кенгайтиришда амалий ёрдам кўрсатиш, кредит маблағларини тезроқ ажратиш, шунингдек, кооперация ташкил қилиб ушбу тадбиркор тажрибасини маҳалладаги бошқа аҳоли хонадонларида ҳам кенг жорий этган ҳолда, ҳудуд аҳолисини қўшимча иш, даромад манбайи билан таъминлаш зарурлиги борасида масъулларга манзилли топшириқлар берди.
Албатта, бу каби сайёр қабулларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳалқ билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, аввало инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш орқали халқимизнинг фаровон, бахтли ҳаёт кечириши учун муносиб шарт-шароит яратишдан иборатдир.
Бошқарма бошлиғининг бу каби шахсий ҳамда сайёр қабуллари тасдиқланган график асосида навбати билан барча шаҳар ва туманларда давом эттирилади.