21 Май 2024 йил 962

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида ёшларни ватанпарварлик, жамият ҳаётига дахлдорлик ва қонунга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган "Янги Ўзбекистоннинг ватанпарвар ёшлари" 27-ўқув йиғинига жалб этилган ёшлар билан вилоят прокурори ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи очиқ мулоқот ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Хавфсизлик Кенгашининг тегишли кўрсатмаси ҳамда ушбу кўрсатма асосида қабул қилинган Ички ишлар вазирлигининг фармойишига асосан Бухоро вилоятида мавжуд 5500 нафар уюшмаган ёшларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларни ватанпарварлик, жамият ҳаётига дахлдорлик, қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва шонли армиямизнинг куч қудратини уларга амалий тарзда кўрсатиш мақсадида 100 нафар ёшлардан таркиб топган икки кунлик ўқув йиғинлари ташкиллаштириб келинмоқда.

Ҳозирги кунга қадар Ички ишлар бошқармаси Патруль пост хизмати батальонида бўлиб ўтаётган мазкур ўқув йиғинларига Бухоро вилоятининг шаҳар ва туманларида истиқомат қилувчи уюшмаган ёшлар жалб этилган бўлиб, махсус ўқув дастури асосида 2 кун давомида ўқитилмоқда. Ўтган давр мобайнида 2700 га яқин ёшлар мазкур ўқув йиғинларига жалб этилди.

Ўқув йиғини даврида Ички ишлар вазирлиги Академиясидан ташриф буюрган профессор ўқитувчилар томонидан ёшларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш, маънавий-маърифий, тарбиявий билимларини кучайтириш, уларда ватанпарварлик руҳини ошириш ҳамда ҳуқуқий билимларни эгаллашларига алоҳида эътибор қаратилди.

27- ўқув йиғини тингловчилари ёшлари билан бугун, Бухоро вилояти Прокурори Улуғбек Ҳамдамов ва Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсуновлар очиқ мулоқот ўтказдилар.

"Раҳбар ва ёшлар учрашуви" давомида ёшларининг муаммолари ҳамда таклифлари ўрганилиб, ўзаро мулоқотда улар томонидан кўтарилган мурожаатлар ечими юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Юзма-юз, очиқ ва конструктив тарзда ўтган мулоқотда, ёшлар томонидан банк имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши, тадбиркорлик учун ер майдони ажратишда амалий ёрдам бериш, иш билан таъминлаш, мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришда имтиёзлардан фойдаланиш, тайинланган жазоларини ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва бошқа ижтимоий муаммолари бўйича мурожаатлар келиб тушди.

Асосий эътибор, мурожаатларнинг ижобий ҳал этилишига қаратилиб, ўрганишни талаб қиладиганлари юзасидан манзилли тадбирлар белгилаб олинди.

Раҳбар ва ёшларнинг бу каби учрашувлари ёшларда ватанпарварлик, юртга дахлдорлик, қонунларга итоаткорлик хислатларини юксалишига, уларнинг қизиқишлари, қобилияти, иқтидори ва муаммоларини ўранган ҳолда касб-ҳунар ҳамда чет тилини ўрганишга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш орқали фаол ижтимоий ҳаёт тарзига йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Text to speech