Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов Шофиркон туманида истиқомат қилувчи ёшлар муаммоларини ўрганди
Мамлакатимизда ёшларга эътибор масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, бугун уларнинг муаммоларига ечим топиш, билим, касб-ҳунар эгаллашлари, тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун кенг кўламли имкониятлар яратилган.
Жойларда раҳбарларнинг ёш авлод вакиллари билан учрашувлар ўтказаётгани бу ишлар самарадорлигида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бошқарма бошлиғи бошчилигида ўтказилган учрашув давомида ҳам ёшларининг муаммолари ҳамда таклифлари ўрганилиб, ўзаро мулоқотда улар томонидан кўтарилган мурожаатлар тингланди.
Ўтказилган юзма-юз очиқ мулоқотда, ёшлар томонидан банк имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши, тадбиркорлик учун ер майдони ажратишда амалий ёрдам бериш, иш билан таъминлаш, мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришда имтиёзлардан фойдаланиш ва бошқа ижтимоий муаммолар бўйича мурожаатлар келиб тушди.
Асосий эътибор, мурожаатларнинг жойида ҳал этилишига қаратилиб, қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун иш юритувига олинган мурожаатлар юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
Бошқарма бошлиғи шу куни ёшларни кириб келаётган Янги йил байрами билан муборакбод этиб, уларга байрам совғаларини улашди.