18 Май 2024 йил 932

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсуновнинг ҳудудларда олиб бораётган ўрганиш ишлари давом этмоқда

Аввал хабар берганимиздек, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов шаҳар-туманларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини жойига чиқиб ўрганмоқда.

Худди шундай ўрганишлар, бугун 18 май куни вилоятнинг Ромитан, Пешку, Олот ва Қоракўл туманларида ўтказилди.

Бошқарма бошлиғи ушбу туманларнинг ҳокимлари ва бошқа мутасадди раҳбарлари иштирокида ҳудудий ички ишлар бўлимлари ва уларнинг қуйи тузилмаларида кундалик хизмат фаолиятнинг қай тартибда ташкил этилганлиги билан танишиб, масъуллар иштирокида ҳудудларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ва содир этилганларини иссиқ изидан фош этиш борасида амалга оширилаётган тезкор ҳамда профилактик тадбирларнинг аҳволини таҳлил қилди.

Шунингдек, ҳудудий ички ишлар органларининг навбатчилик қисмлари ва бу ерга интеграция қилинган ситуацион кузатув марказлари ҳамда юритувдаги ҳужжатлар ҳам кўздан кечирилиб, ижро интизоми тафтиш қилинди.

Бундан ташқари, мазкур бўлимларда ходимларнинг ишлаши учун яратилган шароитлар, хизмат хоналарида мавжуд моддий техника таъминотининг аҳволини ҳам кўрикдан ўтказди.

Ўрганишлар жараёнида бошқарма бошлиғи "Олот чегара божхона постида" ҳам бўлиб, бу ерда чегарамизнинг мустаҳкам қўриқланаётганлиги, постда хизмат қилаётган ҳуқуқ-тартибот органларининг хизмат шароитлари, фуқаролар ҳамда транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун яратилган имкониятлар ва жамоат хавфсизлигининг таъминланганлик даражасини кўздан кечирди.

Бошқарма бошлиғи И.Турсунов мазкур туманларнинг мутасаддиларига маҳаллаларни замонавий камералар билан жиҳозлаб рақамлаштириш орқали, ҳудудий ички ишлар органларига интеграция қилиш, ҳудудларни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш, мурожаатлар билан ишлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш масалаларида сектор раҳбарларининг ҳамкорлиги ҳамда ички ишлар органлари маъмурий биноларида хавфсизлик чораларини кучайтириш борасида зарурий кўрсатмалар берди. 

Бошқарма бошлиғининг бу каби ўрганишлари давом эттирилади.

Text to speech